Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Қорақалпоғистон Республикасида профессионал футболни ривожлантириш, “Арал” футбол жамоасини қўллаб-қувватлаш, унинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ҳамда кадрлар салоҳиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди. Унга кўра, 2021 йилдан бошлаб “Арал” футбол жамоасининг суперлигада истисно тариқасида иштирок этиши белгиланган.
Тармоқларда кейинги йилда Суперлигада 14 та эмас, балки 16 та клуб иштирок этиши мумкинлиги тахмин қилинмоқда.
Тармоқларда тарқалган ушбу хабарга ПФЛ бош директори вазифасини бажарувчи Диёр Имомҳўжаев ўз муносабатини билдирди.
“Суперлигада қанча клуб иштирок этиши масаласи ЎФА Ижроқўмининг 28 ноябрь кунги йиғилишида кўтарилган ва унда Арал клубининг истисно тариқасида Пролигада иштирок этиши масаласи бўйича муҳокама борган. Ўша масала бўйича биз Қорақалпоғистонда бўлдик, сафар хулосаларини аввалроқ тақдим этгандик.
Футбол жамоатчилиги масалага вазмин ёндошиши тўғрироқ бўлади. Чунки бугун эълон қилинган материал муҳокамага қўйилган, якуний қарор чиқмасидан туриб, “Арал” Суперлигада ўйнайди, деб ёзиш тўғри бўлмайди. Боз устига муҳокамада Суперлига иштирокчилари сони ҳақида сўз ҳам йўқ, бўлиши ҳам мумкин эмас.
ФИФА ҳукуматнинг футболга ғамхўрлигини қадрлайди, ўз навбатида спорт тамойилларига ташқи аралашув бўлишига йўл ҳам қўймайди. Арал футбол клубининг моддий-техник базасини ривожлантириш учун сезиларли ҳаракатлар бўлаётгани рост, аммо бу клубнинг бирданига Суперлигада ўйнашини англатмайди”, дейди у.
“Арал” футбол клубига эътибор Президент Шавкат Мирзиёевнинг Қорақалпоғистонга ташрифи чоғида ушбу клубга мухлислик қилишини маълум қилгандан кейин анча жонланди.
Европа футбол ассоциациялари уюшмаси – УЕФA консультанти Рожер Мейхри Ўзбекистон футбол ассоциациясининг масъул ходимлари билан Қорақалпоғистонга ташриф буюриши, ПФЛ бош директори вазифасини бажарувчи Диёр Имомҳўжаевнинг Қорақалпоғистонда футболни ривожлантириш бўйича сафарлари ва Ҳукумат қарорининг лойиҳаси эълон қилиниши шулар жумласидандир.
Е.Қаноатов, ЎзА