Нукус шаҳридаги Республика спортнинг гимнастика турлари бўйича ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар спорт мактабида «Street workout» спорт мусобақасининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичи ўтказилди.
Мусобақада шаҳар ва туманлардан келган 12-30 ёш оралиғидаги йигитлар статика, динамика ва техника бўйича учта шарт асосида иштирок этди.
Мусобақа якуни билан Тахиатош туманидан Елбаев Нурмухан ғолибликни қўлга киритиб, кейинги босқич – Ўзбекистон Республикаси босқичига йўлланма олди.
«Street workout» спорт тури кейинги вақтларда Ўзбекистонда кенг ривожлана бошлади.
Президент Шавкат Мирзиёев 30 октябрь куни «Соғлом турмуш тарзини ҳаётга кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонини имзолаган эди.
Айнан ушбу ҳужжатга асосан, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишда — юриш, югуриш, мини-футбол, велоспорт, бадминтон, стритбол спорт турлари билан бир қаторда «Workоut» ҳам спортнинг устувор турларининг бири этиб белгиланди. Ушбу спорт турларини ривожлантириш ва кенг оммага татбиқ қилиш учун эса 2021 йилдан бошлаб ҳар йили 104 миллиард сўм ажратилади.
Е.Қаноатов, ЎзА