Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Мажлисда бир қатор қонун лойиҳалари кўриб чиқилди.
“Ўзбекистон Республикасининг бюджет жараёни такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда депутатлар ҳукмига ҳавола этилди.
Қонун лойиҳаси билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси, Ўзбекистон Республикасининг “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги қонуни, Ўзбекистон Республикаси Бюджет кодекси ва Ўзбекистон Республикасининг Бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги қонунларига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Бюджет кодексида таклиф этилган Молия вазирлиги томонидан маҳаллий бюджетларнинг иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар, озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори-дармонлар сотиб олиш харажатларининг чекланган миқдорларини белгилаш тўғрисидаги нормани чиқариб ташлаш таклиф этилди.
Мазкур тартибни вилоятлар томонидан туман ва шаҳарлар учун қўллаш ҳам чиқариб ташланмоқда. Депутатларнинг фикрича, бу ўз навбатида, маҳаллий бюджетларнинг мустақиллигини таъминлашга хизмат қилади. Шунингдек, кодексда бюджет ссудалар бўйича мурожаатларни кўриб чиқиш муддатини 10 кундан 5 иш кунига қисқартирилмоқда.
Бундан ташқари, халқ вакиллари томонидан Бюджет кодексига Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар, шунингдек, туманлар ва шаҳарлар Кенгашлари тегишли бюджет ва бюджетдан ташқари маблағларининг ижроси тўғрисидаги ҳисоботларни кўриб чиқишда ҳудудий бюджет маблағларини тақсимловчиларнинг бюджет маблағларидан самарали фойдаланилиши ҳамда эришилган натижалар тўғрисидаги ҳисоботларини эшитишга ҳам ҳақли эканлиги белгиланмоқда.
Давлат бюджети лойиҳасини ишлаб чиқишда муҳим бўлган бюджет сўрови институти такомилига етказилди. Маҳаллий бюджетлар ҳисобидан молиялаштириш манбаси аниқ бўлмасдан бошланган тадбирларни параллел лойиҳалаштириш, тендер савдоларини ўтказмасдан амалга оширилган қуриш ва таъмирлаш ишларини молиялаштиришнинг олдини олиш бўйича қўшимча чекловлар киритилди.
Депутатлар “2021 йил учун солиқ сиёсатининг асосий йўналишлари қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда кўриб чиқдилар.
Қонун лойиҳаси биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан қабул қилинганидан сўнг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси томонидан мутахассис ва экспертлар жалб этган ҳолда тузилган ишчи гуруҳи сиёсий партиялар фракциялари томонидан билдирилган фикрлар ҳамда таклифлардан келиб чиқиб, ҳужжатни иккинчи ўқишга тайёрлади.
Қатор моддалар такомиллаштирилди. Хусусан, қонун лойиҳаси билан бюджет қодексига солиқ тўловчиларга меҳнат стажи ҳисобланиши учун йилига камида 1 базавий ҳисоблаш миқдори тўланганда, унга пенсия нафақасига чиқишида стажга эга бўлиши нормаси киритилмоқда, қўмита томонидан қўшимча равишда солиқ тўловчиларнинг мазкур тоифаси солиқни ихтиёрий асосда тўлашлари белгиланмоқда.
Шу билан бирга, фойда солиғини тўлаш тартиби амалдаги нормада ҳар ойлик бўнак тўловини ҳисоблаб чиқариш солиқ органлари томонидан амалга оширилар эди. Эндиликда келгуси чоракнинг биринчи ойи 10 санасигача кутилаётган фойда суммасидан келиб чиқиб, бўнак тўловлари суммаси тўғрисида маълумотнома тақдим этиш ҳуқуқи ҳамда кутилаётган фойда агарда камайтириб кўрсатилган тақдирда солиқ органларига тақдим этилаётган маълумотномаларга ўзгартиришлар киритиш ваколати берилмоқда. Бу эса, ўз ўрнида тадбиркорларимиз томонидан солиқларни ошиқча ёки кам тўлаш ҳолатларининг олдини олишга хизмат қилади.
Солиқ кодексида сув ресурсларини ҳисобга олиш воситалари билан жиҳозланган сув истеъмолчиларига ишлатилган сув ҳажми учун амалдаги ставканинг 0,7 камайтирувчи коэффиценти яъни, агарда ҳисобга олиш ўлчагичи бўлган тақдирда белгиланган солиқ ставкасидан кам тўлаш таклиф этилмоқда. Бунда ҳисоблагич ўрнатилган тақдирда солиқ миқдори камайтирилади.
“Давлат божи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси ҳам муҳокама марказида бўлди.
Қонун лойиҳаси юзасидан Давлат активларини бошқариш агентлиги директори С.Бекенов маъруза қилди.
Ушбу лойиҳа билан “Давлат божи тўғрисида”ги Қонуннинг 8, 9 ва 10-моддаларига тегишли ўзгартишлар киритиш назарда тутилмоқда. Бунда Президентимизнинг 2020 йил 1 июлдаги “Бўш турган объектлардан самарали фойдаланишни ташкил этиш ва ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асос бўлмоқда.
Бинобарин, қонун лойиҳасида мамлакатимиз раҳбарининг юқоридаги қарори билан ташкил этилган Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳузуридаги Бўш турган объектлардан самарали фойдаланишни ташкил этиш маркази давлат бошқаруви органи ҳисобланиши инобатга олиниб, марказ ва унинг ҳудудий бошқармалари зиммасига юклатилган вазифалар юзасидан судларга киритиладиган даъволар ва аризалар бўйича давлат божи тўлашдан озод қилиниши белгиланган.
“Божхона тартиботларини соддалаштириш ва уйғунлаштириш тўғрисидаги халқаро конвенцияга (Киото, 1973 йил 18 май, 1999 йил 26 июндаги ўзгартиришлар билан) қўшилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда кўриб чиқдилар.
Қонун лойиҳаси юзасидан Давлат божхона қўмитаси раиси М.Азимов маъруза қилди.
Киото конвенцияси коидалари, бир томондан, божхона тартиботларини соддалаштириш ва тезлаштириш орқали ташқи савдо фаолиятини рағбатлантириш, бошқа томондан, мазкур имтиёзлар давлатларнинг манфаатларига зарар етказмаслигига йўналтирилган.
Ҳозирги вақтда Жаҳон божхона ташкилотига аъзо 18З та давлатдан 126 таси, шунингдек, 7 та МДҲга аъзо давлатлар мазкур Конвенцияга қўшилган.
Конвенция унга аъзо давлатларга, ўзларининг миллий қонунчилигида божхона расмийлаштируви жараёнларини содда, тушунарли ва олдиндан айта билиш мумкин бўлган қоидалар асосида шакллантириш мажбуриятини юклайди.
Киото конвенцияси коидалари тўғридан-тўғри мажбурият юклайдиган ҳуқуқий меъёрлар шаклида эмас, балки тавсиявий характердаги стандартлар шаклида ишлаб чиқилган.
Депутатлар таъкидлашича, мазкур конвецияга қўшилиш давлат божхона хизмати органлари фаолиятини такомиллаштиришга, Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорациясининг “Doing business” ва транспорт-логистика хизматлари бўйича баҳоловчи индексларида (LPI) мамлакатимизнинг рейтингини оширишга хизмат килади. Шунингдек, миллий иқтисодиётимизга хорижий инвестицияларни жалб қилиш учун қулай шарт-шароитлар яратилади.
Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди.