Нукус шаҳрида “Бошқарув органлари ва ФВДТ ҳудудий қуйи тизими тузилмаларининг табиий ва техноген тусдаги фавқулодда вазиятларнинг оқибатларини бартараф этиш бўйича ҳаракатлари” мавзусида қўмондонлик-штаб ўқув машқи ўтказилди.
Қўмондонлик-штаб ўқув машқига жами 2252 нафар киши ва 188 та техника воситалари жалб қилинди.
Ўқув машқини ўтказишда фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бартараф қилиш бўйича ҳаракат режасининг тўғрилигига, табиий тусда юзага келиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятларда шаҳар аҳолисининг кўчиши, ушбу ҳолатда тезкор тартибда аҳолига яшаш шароитларини яратиш, кўриладиган зарарларни мумкин даражада камайтириш ва фуқаро муҳофазаси тузилмаларининг қутқарув ва бошқа кечиктириб бўлмайдиган тадбирларни амалга ошириш бўйича тайёргарлигига асосий эътибор қаратилди.
Тадбир давомида Нукус шаҳридаги маҳалла фуқаролар йиғинларида ташкил этилган кўнгилли қутқарувчилар гуруҳини жалб этган ҳолда зилзила оқибатида ҳудудда содир бўлган турли даражадаги вайронагарчиликлар остидан олиб чиқиш, жабрланган аҳолини юзага келган табиий хусусиятли фавқулодда вазиятлардан хабардор этиш, бошпанасиз қолган аҳолини хавфсиз ҳудудларга тезкорлик билан кўчириш ишларини ташкиллаштириш ва фавқулодда вазиятлар содир бўлганда аҳолини тўғри ҳаракат қилишга ўргатиш бўйича соҳа ходимларига зарур кўникмалар берилди.
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА