Бош прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Қорақалпоғистон Республикаси Кегайли тумани бўлими ходимлари томонидан Кегайли тумани ирригация бўлимида олиб борилган дастлабки тергов ҳаракатлари давомида бюджетга келтирилган жами 184 миллион 409 минг 299 сўм пул маблағи тўлиғи билан қайтарилди.

Департаментининг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси матбуот хизматининг ЎзА мухбирига маълум қилишича, туман ирригация бўлими мансабдор шахслари ўз ваколатларини суиистеъмол қилиб, тўлов ведомостларини сохталаштирган. Жумладан, 2018 йилнинг июнь ойидан 2020 йилнинг январь ойига қадар 106 нафар ишчи ходимга ҳисобланган 116 миллион 4 минг 664 сўм иш ҳақини ходимларга тарқатмасдан ўз манфаатларига ишлатганлиги ҳамда бўлим кассасидаги 1 миллион 225минг 606 сўм нақд пулни ўзлаштириш йўли билан талон-тарож қилганлиги аниқланди. Шунингдек, бўлимда ишламаган фуқаро У.Х.га 16 миллион 142 минг 199 сўм иш ҳақи тўланиб, бюджет маблағи талон-тарож қилинган.

Бундан ташқари, бўлим мансабдор шахслари штатлар жадвалида пайвандчи, чилангар ва фаррош лавозимлари йўқ бўлишига қарамасдан пайвандчи Т.Кга 12 миллион 15 минг 526 сўм, чилангар С.Гга 14 миллион 92 минг 418 сўм, фаррош Л.Сга 11 миллион 818 минг 677 сўм иш ҳақи ёзилганлиги аниқланди. Шунинг билан бирга ходимларга 15 фоиз нормативдан ортиқ рағбатлантириш пули ҳисобланиб, беш нафар ходимга сметадан ортиқ 11 миллион 392 минг 520 сўм пул маблағи тўлаб берилганлиги маълум бўлди..

Мазкур ҳолат юзасидан Департаментнинг Кегайли тумани бўлими ходимлари томонидан ирригация бўлими мансабдор шахсларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилди.
Айбдор шахсларга нисбатан суд томонидан тегишли жазо чоралари қўлланилди.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА