Мамлакатимизнинг Деҳлидаги элчихонаси кўмагида Ҳиндистоннинг “Rising Hongfa Group” компанияси раҳбарияти ва Қорақалпоғистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги вакиллари ўртасида видеоконференция шаклида музокара ташкил этилди.

“Rising Hongfa Group” кўп тармоқли компания бўлиб, қурилиш материаллари, тиббий асбоб-ускуналар ишлаб чиқариш, саноат чиқиндиларини қайта ишлаш, муқобил энергия манбаалари ва бошқа қатор йўналишларда фаолият олиб боради. Ҳиндистон, Бирлашган Араб Амирликлари, Уммон каби давлатларда ишлаб чиқариш корхоналари мавжуд.

Музокара давомида ҳинд тадбиркорларига Қорақалпоғистон Республикасининг иқтисодий салоҳияти ва мавжуд имкониятлари ҳақида маълумот берилиб, манзилли лойиҳавий таклифлар тақдим этилди.

“Rising Hongfa Group” вакиллари Қорақалпоғистон ҳудудида қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхонани ишга туширишга қизиқиш билдирди. Бу борада тегишли ҳамкорлик лойиҳаси кўриб чиқилди.

Ҳинд компанияси делегацияси мазкур инвестиция лойиҳаси бўйича яқин муддатларда Қорақалпоғистонга келади.

ЎзА