Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси раиси Жаҳонгир Саримсоқов Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ тумани ҳокими Эрпўлат Эденбоев билан учрашиб, туманда истеъмолчилар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш яхшилаш истиқболларини муҳокама қилди.
Учрашув чоғида истеъмолчилар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишни яхшилаш баробарида уларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш мақсадида туман марказида истеъмолчилар уйи маъмурий комплексини қуришга келишиб олинди.
Шундан сўнг федерация раиси туман ҳокими билан бирга ўша комплексни қуриш учун туман ҳокимлигининг қарори билан ажратилган жойга бориб қурилишга старт берди.
Ижтимоий шерикчилик асосида қурилаётган мажмуада кутубхона (жумладан, электрон) кутубхона ва истеъмолчиларга бошқа хизмат турлари кўрсатувчи бўлимлар жойлаштирилади.
Ушбу истеъмолчилар уйи маъмурий комплексининг бошқаларидан фарқи шуки, у ерда истеъмолчиларга турли хизматлар кўрсатилиши баробарида алоҳида медиа-студия ҳам фаолият юритадиган бўлади.
Туман ҳокимлиги матбуот хизмати билан ҳамкорлик асосида ишлайдиган медиа-студия бугунги кунда Мўйноқ туманида Орол денгизи қуриши билан боғлиқ экологик фалокат оқибатини юмшатиш, яъни истеъмолчиларнинг асосий ҳуқуқларидан бири бўлмиш атроф муҳит муҳофазаси йўлида мамлакат ҳукумати кўраётган чоралар, амалга ошираётган кенг қамровли бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишларини интернет ресурслари, ижтимоий тармоқлар орқали кенг тарғиб қилиш, жаҳон жамоатчилигига турли тилларда намойиш этиш ва уларнинг туб моҳиятини очиб бериш билан шуғулланади.
Бундан ташқари, Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус шаҳри, Қўнғирот, Хўжайли, Чимбой, Тўрткўл, Беруний ва Элликқалъа туманларида ҳам истеъмолчилар уйи маъмурий комплекслари қурилиб, 2021 йилнинг биринчи чорагида фойдаланишга топширилади.
− Мақсадимиз жамият ислоҳотлар ташаббускори бўлиши керак, деган ғояни амалиётга татбиқ қилишдан иборат. Федерациянинг нодавлат нотижорат ташкилоти сифатида мавжуд ижтимоий муаммоларни ҳал этишдаги иштирокини кенгайтириш учун «Истеъмолчилар уйи» лойиҳаси ишлаб чиқилган эди. То шу кунгача 20 дан ошиқ туман ва шаҳарда истеъмолчилар уйи маъмурий комплекслари қурилиб, фойдаланишга топширилди. Бундай бинолар федерация ва таркибий тузилмалари ва ҳомийларнинг маблағлари ҳисобидан, ҳокимликларнинг, секторлар раҳбарларининг амалий кўмаги билан барпо этилмоқда, − деди Ж. Саримсоқов.
Қайд этиш жоизки, федерация сентябрь ойида бутун республика бўйлаб қурилаётган истеъмолчилар уйлари қошидаги кутубхоналар учун 16 номдаги махсус юридик адабиётлар тайёрлаб, нашр этиш бўйича Тошкент давлат юридик университети билан ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзолаган эди, айни чоқда уни амалга ошириш бўйича тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда.
Президентимиз видеоселектор йиғилишларидан бирида, давлат бошқаруви идоралари олдига «бу синовли даврда рақамлар ортидан қувиш эмас, балки халқни рози қилиш учун чин кўнгилдан ишлаш керак», деган вазифани қўйган эди. Федерация ва таркибий тузилмаларининг фаолияти ҳам халқ, жумладан, истеъмолчини рози қилишга қаратилган, десак муболаға бўлмайди.
Шерали Сатторов