Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Тошкент шаҳар кенгаши ўртасида ёшлар масалалари бўйича ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум имзоланди.
Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди раиси Б.Исломов, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Тошкент шаҳар кенгаши раиси Э.Шукуров мамлакатимизда ёшларга яратилган улкан имкониятлар йигит-қизларнинг эзгу мақсад ва орзу-истаклари амалга ошишига замин яратаётганини таъкидлади.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йил 15 ноябрь куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш, айниқса, ёшлар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш, бу борадаги мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этишга доир аниқ вазифалар белгилаб берилганди.
Мазкур меморандум мамлакатимизда олиб борилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари жараёнида ёшларнинг иштирокини фаоллаштириш, ёш авлодни қонунга ҳурмат руҳида тарбиялаш, турли зарарли иллат ва ёт ғоялар таъсиридан ҳимоя қилиш, ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, уюшмаган ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда икки томонлама ўзаро манфаатли ҳамкорликни амалга оширишга хизмат қилади.
Тадбирда меморандумнинг мазмун-моҳияти, у асосида амалга оширилиши режалаштирилган ҳамкорликдаги лойиҳалар ҳақида тўхталиб ўтилди. Жумладан, меморандумда уюшмаган ёшлар билан уларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш борасида тўғридан-тўғри очиқ мулоқот йўлга қўйилиши белгиланган. Ёшларни суд органлари тизими ва фаолияти билан яқиндан таништириш мақсадида туркум учрашувлар ташкил этилади.
Меморандумда жиноят иши судда кўриладиган ёшларнинг шахсини, оилавий шароитини, маънавий муҳитини ўрганиб чиқиш ҳамда ушбу шахсга кафолат хати бериш тартибини белгиловчи намунавий қоидалар ишлаб чиқилиши кўзда тутилган. Шунингдек, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Тошкент шаҳар кенгаши томонидан судга тақдим этиш мақсадида кафилликка олинувчи шахс янги жиноят содир этишининг олдини олиш, уни соғлом муҳитга қайтариш, ўқиш ёки касбга йўналтириш борасида аниқ ва мақсадли индивидуал дастурлар лойиҳаси тайёрланади.