Қонликўл тумани адлия бўлими томонидан  “Баркамол авлод“ болалар марказининг 26 нафар ходимига 33 миллион 747 минг сўм миқдорида иш ҳақи ундириб берилди.

Улар томонидан келиб тушган мурожаатни ўрганиш давомида маълум бўлганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 30 сентябрдаги “Халқ таълими тизимидаги мактабдан ташқари таълим самарадорлигини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида“ги қарори асосида Қонликўл тумани ҳокимининг 2020 йил 23 май куни “Қонликўл тумани халқ таълими ҳузуридаги “Баркамол авлод“ болалар маркази фаолиятини ташкиллаштириш тўғрисида“ги қарори чиқарилган. Аммо, марказ устави белгиланган намуна асосида ўз вақтида қайта рўйхатдан ўтказилмаганлиги ҳамда муҳрлар ўрганиш кунига қадар ишланмаганлиги, натижада 26 нафар ходимга 2020 йилнинг июнь, июль, август, сентябрь ойлари учун 33 миллион 747 минг сўм иш ҳақи ҳисоб-китоб қилинмаганлиги аниқланди.

Адлия бўлими томонидан туман халқ таълими бўлимига тақдимнома киритилиб,  ходимларнинг тегишли иш ҳақи ундириб берилди ва уларнинг мурожаатлари қаноатлантирилди.

Тимур АСАНОВ,

Қонликўл тумани адлия бўлими бошлиғи

Маҳлиё  РУСТАМОВА,

ҚДУ қоракалпоқ филологияси ва журналистика факултети 4-курс талабаси

 

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги