Республика махсус комиссиясининг 2020 йил 12 ноябрдаги йиғилиш қарорига асосан бугун 16 ноябрдан олий таълим муассасаларида чора-тадбирлар ва режа-жадвал асосида ўқиш жараёни анъанавий тарзда бошланди.

Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида махсус чора-тадбирлар режаси ва жадвал ишлаб чиқилиб, шу асосда анъанавий дарслар олиб борилмоқда.

–Бакалавриатнинг кундузги ва кечки таълим йўналишлари 1-курс талабалари учун 2020 йил 19 октябрдан, бакалавриатнинг кундузги таълим йўналишлари юқори курс (2-3-4 курс) талабаларига бугун 16 ноябрдан эътиборан анъанавий дарслар бошланди, – дейди институтнинг ўқув-услубий бошқармаси бошлиғи Азамат Абдиев. – Сиртқи таълим йўналишлари, шунингдек, магистратура мутахассисликлари талабалари ўқишини онлайн тарзда давом эттирмоқда.

Пандемия шароитини ҳисобга олган ҳолда анъанавий дарслар 50 дақиқа давомийликда олиб борилмоқда. Шунинг билан бирга, талабалар ва уларнинг ота-оналари билан ўтказилган сўровнома натижаларига қараб талабаларни анъанавий ёки онлайн ўқитиш йўлга қўйилган.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА