Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Т.Норбоева Қорақалпоғистон Республикаси Нукус тумани фаоллари билан учрашди.

Сенат Раиси дастлаб “Саманбой” овул фуқаролар йиғини ҳудудидаги “Progress of children” мактабгача таълим муассасасида бўлиб, тарбияланувчиларга яратилган шароит билан танишди.

Мазкур мактабгача таълим ташкилоти “Саноат қурилиш банк”дан олинган 4 миллиард 300 миллион сўм имтиёзли кредит маблағи эвазига 2019 йилнинг июнь ойида фойдаланишга топширилган. Жами 150 ўринга мўлжалланган ташкилотда 21 нафар хотин-қиз ишлайди. Болаларнинг ҳар томонлама таълим-тарбия олиши учун бу ерда барча қулайликлар яратилган. Сенат Раиси болажонларга совғалар топширди.

Туман Кенгаши депутатлари билан учрашувда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Т.Норбоева давлатимиз раҳбари томонидан 2 октябрь куни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг навбатдан ташқари сессиясида белгилаб берилган топшириқлардан келиб чиқадиган вазифалар, унинг ижросини таъминлашда депутатларнинг фаоллигини ошириш масаласига тўхталди.

Таъкидланганидек, 2020-2022 йилларда Нукус тумани саноатини ривожлантириш дастури доирасида 399 миллиард 234 миллион сўмлик 84 та лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган. Шундан саноат соҳасида 18 та, қишлоқ хўжалиги соҳасида 44 та, хизмат кўрсатиш соҳасида 22 та лойиҳа амалга оширилади.

Туманда асосан мева-сабзавотчилик ва балиқчиликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу жумладан, мева-сабзавотчилик бўйича иккита кластер фаолияти йўлга қўйилади.

Бундан ташқари, икки йил мобайнида гидропоника усулида 4 та, замонавий усулда 8 та, жами 12 та иссиқхона ташкил этилади. Мазкур лойиҳаларнинг амалга оширилиши билан 345 та янги иш ўрни яратилади.

Тадбирда таъкидлаганидек, туман ҳудудида лойиҳаларнинг амалга оширилишида депутатларнинг фаоллиги талаб қилинади. Бунинг учун ҳар бир депутат ўзи сайланган ҳудудда лойиҳаларнинг ўз вақтида сифатли бажарилишини таъминлашда жонбозлик кўрсатиши керак.

Учрашувда тиббиёт, таълим, мактабгача таълим соҳаларини ривожлантириш, аҳоли ўртасида, айниқса, аёллар ва ёшлар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш, коррупцияга қарши курашиш ва бошқа долзарб масалалар юзасидан фикр-мулоҳазалар бўлди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Камалов иштирок этди.

 

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА