Нукусда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Т.Норбоева штирокида Қорақалпоғистон Республикасини 2020-2023 йилларда комплекс ривожлантириш дастурининг бажарилишини таъминлаш ва келажакда бу борада қилиниши лозим бўлган вазифаларга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Тадбирда Сенат Раиси давлатимиз раҳбари томонидан 2 октябрь куни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг навбатдан ташқари сессиясида ҳудудни ривожлантириш, аҳоли ҳаётини яхшилаш бўйича белгилаб берган вазифаларнинг ижросини таъминлашга тўхталди.

Бу бўйича Қорақалпоғистон Республикасини  2020-2023 йилларда комплекс ривожлантириш дастури ишлаб чиқилди. Дастурда ҳар бир шаҳар ва туманнинг “ўсиш нуқта”лари белгиланди ва ижроси бўйича масъуллар белгиланди.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Қ.Сариев дастур доирасида амалга оширилиши режалаштирилган лойиҳалар бўйича ахборот берди.

Таъкидланганидек, 2020-2022 йилларда Оролбўйида умумий қиймати 12 триллион 300 миллиард сўм бўлган 1 минг 359 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилади. Шундан 523 миллион долларлик тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни ўзлаштирилади ва қарийб 20 мингта янги иш ўрни яратилади.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг қўмита раислари сўзга чиқиб, белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида сифатли  бажарилишида ҳар бир депутат шаҳар ва туманларга бириктирилганлиги, ушбу эзгу ишларни амалга оширишда ларнинг фаоллик кўрсатишини билдирди.

Учрашувда шунингдек сенаторлар, Жўқарғи Кенгес депутатлари жойларда лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан учраётган муаммолар ва уларнинг бажарилиши бўйича фикр ҳамда таклифларини билдирди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Камалов иштирок этди.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА