Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жойларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, йирик лойиҳалар билан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида 12 ноябрь куни Қашқадарё вилоятига келди.
Давлат раҳбари вилоятга сафарини Шаҳрисабз туманидаги “Oqsaroy Vortex” масъулияти чекланган жамиятда синтетик аралашмали ип ва мато ишлаб чиқариш жараёни билан танишишдан бошлади.
Бу ерда “Oqsaroy Group” компанияси таркибига кирувчи “Oqsaroy Textile” ва “Oqsaroy Vortex” корхоналари ташкил этилган бўлиб, уларда умумий қиймати 54 миллион долларлик 3 та лойиҳани босқичма-босқич амалга ошириш белгиланган эди. Бунинг натижасида 1 минг 630 та иш ўрни яратиш, йилига 22 миллион долларлик тўқимачилик маҳсулотларини экспорт қилиш кўзда тутилган.
Биринчи босқичда 2014 йили “NBU инвест” компаниясидан “Oqsaroy Textile” корхонасининг 21 миллион долларлик 100 фоиз улуши сотиб олиниб, модернизация ишлари натижасида бу ерда йилига 9 минг тонна ип калава, 4 минг тонна трикотаж мато ишлаб чиқариш йўлга қўйилган эди.
Ушбу корхонада ўтган йили 6 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинган бўлса, жорий йилнинг ўтган даврида бу кўрсаткич 8 миллион долларни ташкил этди.
Иккинчи босқичда шу йил октябрь ойида “Oqsaroy Vortex” корхонаси ташкил этилиб, сунъий ва табиий толадан калава ип ва трикотаж мато ишлаб чиқариш лойиҳаси ишга туширилди. Лойиҳа қиймати – 15 миллион доллар, йилига 3 минг тонна калава ип, 5,5 минг тонна сунъий толали ип, 3,5 минг тонна трикотаж мато ишлаб чиқариш қувватига эга. Экспорт ҳажми йилига 7 миллион долларни ташкил этади.
Учинчи босқичда ушбу корхоналар ёнида яна битта тўқимачилик фабрикаси барпо этилиб, калава ип ва трикотаж мато ишлаб чиқаришни кенгайтириш режалаштирилган. Қиймати 18 миллион доллар бўлган бу лойиҳа натижасида йилига 7 минг тонна калава ип, 2,1 минг тонна трикотаж мато ишлаб чиқаришга эришилади. Келаси йил ишга тушадиган лойиҳа натижасида 700 та янги иш ўрни яратилади.
Президент корхонадаги ишлаб чиқариш жараёнларини, калава ип ва тайёр мато намуналарини кўздан кечирди.
Ушбу корхонанинг анъанавий ип-йигирув фабрикаларидан асосий фарқи – бу ерда Япониянинг «Murateс» компаниясида ишлаб чиқарилган Vortex технологик ускуналари ўрнатилган. Бу технологиянинг афзаллиги калава ип тўқилаётганда тола марказлашган аэродинамик ҳаво босими орқали ўтказилади. Натижада ипнинг тукдорлиги камаяди, сифати ортади.
Давлатимиз раҳбари соҳанинг иқтисодий жиҳатига эътибор қаратди. Жумладан, тўқимачилик саноатига оид лойиҳаларни уч йўналишда ташкил этиш кераклигини таъкидлади.
Биринчидан, Қашқадарёнинг пахта етиштириладиган саккизта туманида “Oqsaroy Vortex” намунасидаги тўқимачилик корхоналарини ташкил этиш, уларни барпо этишда арзон конструкцияли материаллардан фойдаланиш бўйича топшириқ берилди.
– Иккинчидан, барча кластерларни кооперация қилиб, сунъий тола ишлаб чиқариш бўйича битта алоҳида лойиҳа қилиш керак. Учинчидан, ёғочдан табиий тола – вискоза ишлаб чиқаришни кенг йўлга қўйиш лозим, – деди Президент.
– Бу миллий-иқтисодий тизим бўлади. Мана шу билан Қашқадарё вилоятини тўқимачилик лойиҳалари билан тўла қамраб оламиз. Таннархни арзон қилиб, саккизта корхонани ишга туширсак, қўшимча қиймат билан кўплаб ишчи жойлари яратишга эришамиз, – деди Шавкат Мирзиёев.
Хомашёдан – тайёр маҳсулотгача тамойили асосида вилоятда тўқимачилик саноатини ривожлантириш, бунинг учун таниқли хорижий брендларни жалб этиш, кластерлар фаолиятини таҳлил этиб бориш юзасидан вазифалар белгиланди.
Тошкент шаҳри ва вилояти ҳудудидан ўн гектар ер ажратиб, “Oqsaroy Group” компанияси негизида тўқимачилик технопарки ташкил этиш ва маҳсулотларнинг онлайн савдосини йўлга қўйиш кераклиги таъкидланди.
Ўзбекистондаги барча текстил ишлаб чиқарувчилар бир жойга жамланадиган мазкур технопаркда уларнинг дўконлари ва омборлари бўлади. Технопарк биринчи навбатда ишлаб чиқарувчиларга экспорт масаласига кўмаклашади.
Шу ернинг ўзида Қашқадарё вилоятида 2020-2022 йилларда амалга ошириладиган инвестиция режалари, пахта толасини қайта ишлаш даражасини ошириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича лойиҳалар тақдимоти ўтказилди.
Матназар Элмуродов, ЎзА