Президент тиббиёт тизимини тубдан ислоҳ этиш бўйича видеоселектор йиғилишида Соғлиқни сақлаш вазири ва унинг биринчи ўринбосари бошчилигидаги гуруҳлар қишлоқ врачлик пунктлари ва оилавий поликлиникалардаги тиббий хизматни ташкил этиш тизими, тиббиёт ходимларининг вазифа ва функцияларини тўлиқ қайта кўриб чиқиши кераклигини таъкидлади.

Янги иш тизимига мувофиқ, республика ҳудудлари бўйича 2 та ишчи гуруҳи ташкил этилади. Вазир А.Ҳожибоев раҳбарлигидаги биринчи гуруҳ – водий вилоятлари, Жиззах, Самарқанд, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳрига, вазирнинг биринчи ўринбосари А.Иноятов раҳбарлигидаги иккинчи гуруҳ – Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро, Навоий, Қашқадарё, Сурхондарё ва Сирдарё вилоятларига бириктирилади.

Ишчи гуруҳлар икки ой муддатда қишлоқ врачлик пунктлари ва оилавий поликлиникалардаги тиббий хизматни ташкил этиш тизими, шифокорлар ва ўрта тиббиёт ходимларининг вазифа ва функцияларини тўлиқ қайта кўриб чиқиши топширилди.

Йиғилишда қишлоқ жойларда беморларга қиммат дориларни ёзиб бериш авж олгани, бу одамларни қийнаётгани кўрсатиб ўтилди. Мутасаддиларга ушбу масалани ўрганиб, шифокорларнинг беморларга фақат энг зарур ва ҳамёнбоп дориларни ёзишини назоратга олиши топширилди.

 

ЎзА