Ҳозирги шароитда каронавирусга қарши курашиш мақсадида беморларни зарур дори дармон воситалари билан таъминлаш долзарб масалага айланган. Бу борада ҳукуматимиз томонидан қонуний чора-тадбирлар кўрилаётган бир пайтда ана шу вазиятдан фойдаланиб қолишга уринаётган, қонунни менсимайдиган фирибгарлар ҳам учраб турибди.

Хоразм вилояти прокуратураси, Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаментининг Хоразм вилоят бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлимлари томонидан “Ковид-19” ни даволашга тавсия қилинган дори воситаларини дорихона ва унинг филиалларидан ташқарида сифати кафолатланмаган ва қиммат нархларда сотилишини олдини олиш борасида доимий равишда рейд тадбирлари ўтказилмоқда.Хусусан, Хива туманидаги хусусий корхона раҳбари А.Ф. ўзи тадбиркор бўла туриб, 100 қути “Remdesivir” дори воситасининг ҳар бир қутисини 540 минг сўмдан ҳисоблаб 54 миллион сўмга, “Lantus ” дори воситасининг ҳар бир қутисини 480 минг сўмдан ҳисоблаб 9 миллион 600 минг сўмга ҳамда “Ксарелто” номли дори воситасини ҳар бир қутисини 540 минг сўмдан ҳисоблаб 8 миллион 100 минг сўмга сотишга келишади.

Фуқаро А.Ф. ушбу дори воситаларини фармацевтик корхона фаолият кўрсатиб келаётган ҳудуд ёки дорихонада сотмасдан, ноқонуний равишда Урганч тумани, “Чолиш” қишлоғи ҳудудида жойлашган мактаб олдида сотишини айтади. Департамент ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда ушбу манзилда фуқаро сотишга келишилган “Remdesivir”, 20 қути “Lantus Solo Star” ҳамда 15 қути “Ксарелто” номли дори воситаларини жами 6900 АҚШ доллари ва 280 минг сўмга сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

– Тадбир якунида ушбу фукародан ноқонуний сотишга мўлжалланган 71 миллион 700 минг сўмлик дори воситалари далилий ашё сифатида олиб қўйилди, − дейди департаментнинг Хоразм вилояти бошқармаси катта инспектори Дилрабо Курязова. − Қонун ҳамма учун баробар. Албатта, ҳар биримиз соғлиғимиз учун зарур бўлган дори воситаларини дорихоналардан харид қилсак, уларни ноқонуний равишда дорихоналардан ташқарида сотилишига йўл қўймасак, ҳам ўзимиз, ҳам жамият учун қонуний бурчимизни бажарган бўламиз. Бу каби рейд тадбирлари мунтазам давом этади.

Хозирда мазкур ҳолат юзасидан ушбу фуқарога нисбатан Ўзбекистон Республикаси жинот кодексининг 1863-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

 

Аҳмаджон ШОКИРОВ, ЎзА