Меҳр-мурувват ойлиги доирасида ногиронлиги бўлган шахсларнинг оғирини енгил қилиш, қувончу ташвишига шерик бўлиш, моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айниқса, бунда улар орасидан етишиб чиқаётган ёш иқтидор эгаларини юзага чиқариб, жамият ҳаётидаги ўрнини мустаҳкамлашга кенг имкониятлар яратилмоқда.
Пойтахтимизнинг «Истиқлол» санъат саройида бўлиб ўтган Дилдора Кунузоқованинг «Шу юрт учун жон фидо» деб номланган хайрия концерти бу борада амалга оширилаётган хайрли ишларнинг яққол намунасидир.
Ўзбекистон ногиронлар жамияти ташаббуси билан ташкил этилган тадбирга жамият аъзолари, таниқли санъаткорлар, санъатсеварлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари таклиф этилди.
Ўзбекистон ногиронлар жамияти раиси К.Абдуллаев, Ўзбекистон Республикаси халқ артисти О.Отажонов ва бошқалар Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 1 декабрдаги «Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони мамлакатимизда Меҳр-мурувват ойлигининг кенг миқёсда ўтказилишида муҳим дастуриламал бўлаётганини алоҳида таъкидлади.
Дилдора Кунузоқова 1981 йил Навоий вилоятида туғилган. У 16 ёшида автоҳалокатга учрайди. Йигирма саккиз маротаба жарроҳлик амалиётини бошидан ўтказган матонатли қиз яқинлари ва шифокорларнинг кўмагида ҳаётга қайтди. Тақдир унга ҳаёт синовлари билан жарангли овозни ҳам қўшиб берган экан…
Дилдора бугун дарду орзуларини мисраларга солиб, куй ва қўшиқларда ижро этмоқда.
– Мана шундай улуғ санъат даргоҳида мухлислар олқишига сазовор бўлганимдан бошим кўкка етди, – дейди у. – Яхши ният, ярим давлат деганларидек, бу саҳнада куйлаш менинг болалик орзуим эди. Орзуимга эришиб, ўзимга ишонч ортди. Ўз устимда ишлашга мен яна куч топдим.
– Давлатимиз томонидан ёш авлодга қаратилаётган ғамхўрлик ва эътибор туфайли ёшларимиз баланд чўққиларга чиқмоқда, – дейди ногиронлар жамияти аъзоси Зиёда Бутунбоева. – Шундай имкониятлар Дилдора Кунузоқованинг ижодий қирраларини очишга туртки бўлди. Ўзим ҳам биринчи гуруҳ ногирониман. Уйда ўтириб, зираклар, тақинчоқлар ясайман. Дилдоранинг концерти санъат саройида тўпланганлар қатори менда ҳам катта таассурот қолдирди.