Суд ишини юритишнинг барча босқичларида томонларнинг тортишуви принципининг лозим даражада ишлашини ташкил этишга қаратилган чора-тадбирлар изчил амалга оширилди, адвокатларнинг профессионал фаолиятини бажариши учун зарур қонунчилик базаси яратилди. Ижтимоий муносабатлар жадал ривожланишда бўлиб, ҳар қандай соҳани тартибга солувчи қонун ҳужжатлари ижтимоий муносабатларга тўлиқ мос келиши лозим.

ҚҲТБТ порталида Президентнинг адвокатура институтини янада такомиллаштиришва адвокатлар мақомини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарори лойиҳаси жойлаштирилган.Тақдим этилган қарор лойиҳасида адвокатларнинг институционал мустақиллиги, адвокатуранинг ўзини-ўзи бошқариш органлари фаолиятининг ташкилий-ҳуқуқий асослари, адвокатнинг касб мустақиллиги ва адвокатлар касбий бирлашмасини халқаро стандартларга амал қилган ҳолда такомиллаштириш, адвокатларнинг ҳуқуқий мақомини янада яхшилаш, суд процессида адвокат ҳуқуқларининг кафолатларини кучайтириш ва бошқа қатор муҳим масалалар кўтарилди.

Шунингдек, адвокат бўлишни истаган шахслар учун адвокатлик тузилмаларида мажбурий уч ойлик стажировка муддати сақланган ҳолда, юридик мутахассислик бўйича 2 йиллик иш тажрибасига эга бўлмасдан адвокат бўлиш мумкин.  Шунингдек, адвокат сўровига адвокат ордери нусхасини илова қилиш тўғрисидаги талаб ҳамда сўровда адвокатлик сирини ташкил этувчи маълумотларни киритиш тўғрисидаги талаб бекор қилиниши, ҳамда бир вақтнинг ўзида сўровга адвокат гувоҳномасининг маълумотларини киритиш талаби жорий қилиниши белгиланган.

Лойиҳа матнида “Ягона дарча” тамойили асосида қуйидагиларни назарда тутувчи адвокатлик тузилмаларини ва юридик маслаҳатхоналарни рўйхатга олиш амалиёти йўлга қўйилиши белгиланган бўлиб, ўзгаришлар киритилиши белгиланган. Биринчи, адвокатлик тузилмалари ва юридик маслаҳатхоналарни рўйхатга олиш, қайта рўйхатдан ўтказиш ва тугатишни амалга ошириш Давлат хизматлари марказлари орқали амалга оширилиши; иккинчи, адвокатлик тузилмаларини рўйхатга олганлик учун давлат божи миқдорини ўзи келиб мурожаат қилганда БҲМнинг 1 бараваригача, электрон кўринишда мурожаат қилганда бож БҲМнинг 50 фоизигача камайтирилиши; учинчи, Адвокатлар палатасининг ҳудудий бошқармалари улар томонидан ташкил этиладиган юридик маслаҳатхоналарни ҳисобга қўйиш учун давлат божидан озод этилиши; тўртинчи, адвокатлик тузилмаларини рўйхатга олиш ва юридик маслаҳатхоналарни ҳисобга қўйиш тўғрисидаги аризалар икки кунлик муддатда кўриб чиқилиши.

Адлия органларининг адвокатлик тузилмалари томонидан таъсис ҳужжатларига, устав фаолиятига, рўйхатга олиш, қайта ташкил этиш ва тугатиш тартибига риоя этиши устидан назоратни амалга ошириш ваколатлари, шу жумладан ушбу талабларга риоя этмаганликлари учун жарималар ундириш бўйича ваколатлари бекор қилинади ва адвокатлик тузилмалари томонидан тўланадиган ижтимоий солиқ ставкаси фоизгача пасайтирилади. Адвокат судлар, бошқа барча ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, давлат ва нодавлат органлари, муассасалари ва ташкилотлари биноларига иш вақтида ўзининг касбий фаолиятини амалга оширишидаги зарурият сабабли ҳеч бир тўсқинликсиз (фақат адвокат гувоҳномасини тақдим этиш билан) кириш ҳуқуқига эга бўлади.

Адвокат ўз касбий фаолиятини амалга ошириши учун зарур бўлган компьютер, электрон, мобил ва бошқа алоқа қурилмаларини ҳамда техника воситаларини судлар, бошқа барча ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, давлат ва нодавлат органлари, муассасалари, ташкилотлари биноларига тўсқинликсиз олиб кириш ҳуқуқига эга бўлади. Улар адвокат сўрови бўйича давлат ва бошқа органлар, шунингдек, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар томонидан адвокатнинг малакали юридик ёрдам кўрсатиши учун зарур бўлган маълумотлар, ахборотлар, маълумотномалар, тавсифномалар ва бошқа ҳужжатлар тақдим этилганлиги учун давлат божи ва бошқа барча тўловларни тўлашдан озод этилади.

2025 йил 1 январдан судьяликка номзодларга қўйиладиган мажбурий талаблардан бири этиб адвокат сифатида 2 йилдан кам бўлмаган иш стажининг мавжуд бўлиши белгиланган. Бу адвокатлик касбининг обрўсини оширишни ҳамда судлов иш юритувининг айблов тарафга оғишини истисно этишни ҳамда суд процессида тортишув тамойилини таъминловчи замонавий ва ҳақиқатдан мустақил бўлган, ҳар томонлама касбий ва ҳаётий тажрибага эга бўлган судьялик корпусини шакллантиришни таъминлаши лозим. Қарор лойиҳасида келтирилган ўзгартиришлар ва янгиликлар адвокатура институтини такомиллаштириш, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан бўладиган муносабатларда унинг мавқеини оширишга хизмат қилиб, умумий мақсад фуқаролик жамияти қурилиши йўлидаги тарихий қадам бўлади.

Суд-ҳуқуқ тизимининг ва одил судловнинг ажралмас қисми ҳисобланган адвокатура соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг асосий мазмун-моҳияти, мақсади уларнинг жамиятдаги мавқеини кўтариш, кучли, мустақил адвокатура тизимини барпо этиш орқали шахснинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг самарали механизмини яратишга қаратилган.

 

Зульфия ХАСАНОВА,

Нукус туманлараро иқтисодий суди раиси.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги