Қорақалпоғистон Республикасида 53 нафар хотин-қиз имтиёз асосида ўқишга кирди

Қорақалпоқ давлат университетининг чет тили ва адабиёти таълим йўналишига ҳужжат топшириб, тест синовларида 176,5 балл тўплаб, ўқишга давлат гранти асосида қабул қилинишига атиги 0,1 балл етмай қолган қорақалпоғистонлик Шаҳноза Қойлибаева 4 фоизлик имтиёзни қўлга киритди.
– Давлат грантига энг охири бўлиб кирган абитуриентнинг балли 176,6 экан. Меники эса 176,5. Контракт. Ота-онамга қандай айтишни билмадим. Уларни ортиқча қийин вазиятга солиб қўйиш ниятим йўқ эди. Энди контрактда ўқийманми, деган иккиланиш бор эди, – дейди Ш.Қойлибаева. – Шундай вазиятда 4 фоизлик имтиёзга илинганимни эшитганимда қувончимни қандай изоҳлашни ҳам билмайман.
Шаҳноза Президентимиз ташаббуси билан хотин-қизларнинг юқори таълим олиш имкониятини кенгайтириш мақсадида қабул қилинган 4 фоизлик давлат гранти асосида ажратилган квота бўйича ўқийдиган бўлди.
У Қорақалпоғистон Республикаси учун ажратилган умумий 53та ўриннинг бирини эгаллади. Умуман Қорақалпоғистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ва унинг туманлардаги бўлимлари томонидан 2 минг 733 хотин-қизларнинг мурожаатлари кўриб чиқилиб, шундан 1370 хотин-қизларга ишчи гуруҳнинг хулосалари асосида тавсия берилган.
Қорақалпоғистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигида имтиёзни қўлга киритган 53 нафар талабага гувоҳномалар топширилди.
photo_2020-10-14_12-08-47.jpg

 

Е.Қаноатов, ЎзА