Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов раҳбарлигида АҚШ, Европа Иттифоқи ва ХХР билан икки томонлама ҳамкорлик масалаларига бағишланган йиғилиш видеоконференция шаклида бўлиб ўтди.
Йиғилишда Инвестициялар ва ташқи савдо, Ташқи ишлар вазирликлари раҳбарияти ҳамда мамлакатимизнинг ХХР, АҚШ ва Европа Иттифоқи давлатларидаги дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари иштирок этди.
АҚШ билан ҳамкорликни ривожлантириш доирасида икки томонлама шартномавий-ҳуқуқий базани такомиллаштириш, жумладан, ўзаро инвестицияларни ҳимоя қилиш ва икки томонлама солиқ солишга йўл қўймаслик бўйича ҳукуматлараро битимларни имзолаш масалалари ҳамда АҚШнинг етакчи компанияларини Ўзбекистонда инвестициявий лойиҳаларни амалга оширишга жалб қилиш механизми кўриб чиқилди. Шунингдек, яқин вақт ичида Америка – Ўзбекистон савдо палатаси бизнес-форумининг навбатдаги йиғилишини ҳамда АҚШ ишбилармон доиралари вакилларининг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этиш билан боғлиқ шарт-шароитлар муҳокама қилинди.
ЕИ билан ҳамкорлик йўналишида Ўзбекистон томонидан “ПБТ+” бенефициар мамлакат мақомини олиш бўйича олиб борилаётган ишларнинг жорий ҳолати кўриб чиқилди, ушбу жараённи тезлаштириш бўйича амалий меҳанизмлар ишлаб чиқилди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ва ЕИ ўртасида Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисида битим (КШҲБ) тузиш бўйича музокараларни якунлаш ва миллий қонунчиликка тегишли ўзгартиришлар киритиш чораларини кўриш зарурлиги таъкидланди.
ХХРда устувор тармоқлардаги аниқ инвестициявий таклифлар тақдимоти намойишини ўз ичига олган бизнес-форумлар ташкил этиш орқали Ўзбекистонда лойиҳаларни амалга оширишга хитойлик инвесторларни жалб этиш бўйича тизимли ишларни йўлга қўйишни назарда тутган ҳолда ушбу мамлакат билан савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Жорий йил 5-10 ноябрь кунлари Шанхай шаҳрида бўлиб ўтадиган импорт товарлар Учинчи Халқаро кўргазмасида ўзбек экспортчилари делегациясининг иштироки режаси доирасида янги савдо келишувлари устида ишлаш учун кенг имконият мавжудлиги қайд этилди.
Учрашув натижасида қўйилган вазифаларнинг сўзсиз ва ўз вақтида бажарилишини таъминлаш бўйича Ўзбекистон Республикаси дипломатик ваколатхоналари масъул раҳбарлари ва вакилларига аниқ кўрсатмалар берилди.
ЎзА