Қозоғистонда экспортчиларга харажатини қоплаш учун соддалаштирилган тартиб кучга киради

“Казинформ” агентлигининг Қозоғистон савдо ва интеграциялар вазирлиги сайтига асосланиб ёзишича, ушбу тартиб 2020 йил 3 октябрдан кучга киради.

Мамлакат экспортида хомашё бўлмаган маҳсулотлар улушини кенгайтириш ва ошириш мақсадида Қозоғистон савдо ва интеграциялар вазирлиги индустриал ва инновацион фаолият билан шуғулланаётган субъектларнинг маҳаллий товарларни ташқи бозорга чиқаришда сарфлаган харажатларини қоплаш бўйича амалдаги тартибларга қатор тузатишлар киритди.

Вазирлик матбуот хизматидан маълум қилинишича, жорий йил давомида ушбу тартиб фаол муҳокама қилинди ва бизнес билан ҳамкорликда ишлаб чиқилди. Айнан тадбиркорларнинг таклифлари билан уларни қўллаб-қувватлаш тартиби такомаллаштирилди.

Янги тартиб бўйича ҳужжатлар тўплами оптималлаштирилди, харажатларнинг янги турлари жорий қилинди, қопланадиган товарлар рўйхати қайтадан тузилди, шунингдек, харажатлари қоплаб берилган корхоналарнинг ҳам жавобгарлиги белгиланди, дейилади хабарда.

 

ЎзА