Амударё туманидаги “Қиличбой” муқобил машина трактор парки ҳудудидаги 33 та фермер хўжалиги 1 минг 575 гектар майдонда пахта парваришлади.
Айни пайтда хўжалик далаларида пахта йиғим-терими қизғин паллада.
Ҳосилни йиғиб-териб олиш ишлари учун ташкил этилган 28 отрядда 2 минг 900 нафардан ортиқ теримчи, 60 та транспорт тракторлари ва 86 та тиркама қатнашмоқда.
Эътиборлиси, “Собиров Иззат”, “Ражабов Омонбой”, “Учқун Жасмин”, “Жумабоев Шерзод”, “Ашуров Қаҳрамон” каби фермер хўжаликлари қисқа фурсатда шартномавий режани 100 фоиздан ошириб бажарди. Ушбу хўжалик далаларида ҳали ҳосил мўл, йиғим-терим давом этмоқда.
– Хўжалигимиз пахта, ғалла, полиз экинлари ҳамда мева-сабзавот етиштириш билан шуғулланади, – дейди “Собиров Иззат” фермер хўжалиги раҳбари Икром Раҳимов. – Баҳорда 46 гектар ерга “с-4727” навли чигит экилган эди. Барча агротехник тадбирларни ўз вақтида амалга оширганимиз боис ҳосил яхши тўпланди. Хирмонга 104 тонна “оқ олтин” топшириб, шартномавий режани 102 фоизга бажардик. Давлат хирмонига яна 25-30 тоннага яқин улуш қўшишни мўлжаллаяпмиз.
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ(сурат), ЎзА