1146 қисқа рақамли ишонч телефони ишга туширилмоқда

Юртимиз хотин-қизларининг оилавий турмуш муаммоларини бартараф этишга кўмаклашиш, ҳаётий ҳақ-ҳуқуқларини муносиб ҳимоя қилиш, уларнинг маиший зўравонлик қурбонига айланиб қолишларини олдини олиш, ҳаётини қайта йўлга қўйишда моддий ва маънавий, тиббий-психологик ёрдам бериш мақсадида Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг 1146 қисқа рақамли Ишонч телефони ўз фаолиятини бошламоқда.

(Маълумки, мазкур 1146 қисқа рақамли Ишонч телефони иш фаолияти муқаддам Хотин-қизлар қўмитаси томонидан олиб борилган.)

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги Зўравонликдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш Республика маркази қошида мазкур Ишонч телефони фаолиятини жорий йилнинг 10 октябрь санасидан йўлга қўйиш ва уни молиялаштириш бўйича БМТнинг Aҳолишунослик жамғармаси (ЮНФПA) билан ўзаро келишувга эришди. Ҳозирда зарур ташкилий ишлар олиб борилмоқда.

Таъкидлаш ўринлики, Ишонч телефони орқали зўравонлик қурбонига айланган хотин-қизларга ҳаётидаги мавжуд оғир вазиятлардан чиқишларига ёрдам берилиб, уларга зарур руҳий, ҳуқуқий ҳамда тиббий кўмак берилади. Бунда мурожаатчи хотин-қизларнинг хоҳишига кўра, унинг шахси сир сақланади.

Шунингдек, ўз атрофидаги хотин-қизларнинг ҳақ-ҳуқуқлари топталаётганлигига гувоҳ бўлаётган ёки бошқа салбий ҳолатларга дуч келган юртдошларимиз ҳам 1146 Ишонч телефонига қўнғироқ қилиб, бу ҳақида хабар беришлари мумкин.

Шу ўринда юртимиздаги барча фуқароларни ён-атрофингизда ноҳақ таҳқирланаётган, тазйиққа, зўравонликка дуч келаётган, шаъни, қадр-қиммати топталаётган, ҳуқуқлари поймол этилаётган хотин-қизлар ҳаётига бефарқ бўлмасликлари, уларни муносиб ҳимоя қилиб, турли зўравонликлар қурбонига айланмасликлари учун биргаликда курашишга чақирамиз.

Унутманг, Хотин-қизлар ҳуқуқларини муносиб ҳимоя қилиш, уларнинг турмуш ҳаётидаги маиший муаммолар ҳамда зўравонликлардан асраш, турли кўнгилсиз ҳолатларнинг олдини олишга ҳар биримиз масъул ва жавобгармиз.

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги

 

ЎзА