Қорақалпоғистонда 2019 йилда қайта ташкил этилган Бўзатов туманида аҳолисининг эртанги фаровон ҳаётини таъминлаш мақсадида қатор ташкилий ишлар бошлаб юборилган. Келгусида йирик корхоналар, маданий ва маиший объектлар қурилиши режалаштирилмоқда.
Бўзатов ҳозирда катта имкониятлар ҳудудига айланмоқда.
Аҳолиси 21,7 минг нафарни ташкил қиладиган туманда 5 та фуқаролар йиғини мавжуд. Кичкина ҳудуд кўпдан катта муаммолар гирдобида қолиб кетганлиги ҳақиқат эди. Туманда бир пайтлар 65 минг бошгача йирик шохли қора мол боқилган. Ҳозир эса атиги 4 мингта.
Президентнинг 2019 йил 7 ноябрдаги “Қорақалпоғистон Республикасида чорвачилик тармоқларини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қароридан кейин Бўзатов туманида қатор ишлар амалга оширила бошлади. Туман чорвачиликка ихтисослаштирилди.
Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Ҳукуматининг амалий ёрдамида бугунги кунда туманда бир қатор чорвачилик мажмуалари барпо этилиб, Германия, Россия Федерацияси, Австрия каби мамлакатлардан наслли қорамоллар олиб келинмоқда. Бу борада, туманда умумий қиймати 54 миллиард 755 миллион сўмлик 46 та лойиҳа амалга оширилиб, 127 та янги иш ўрнини яратиш режалаштирилган. Ушбу лойиҳаларнинг рўёби натижасида 2575 бош чорва моли, шундан 1845 бош наслли қорамол ва 730 бош қўй-эчки олиб келинади.
Қарор ижросини таъминлаш, чорвачиликни ривожлантириш борасидаги тадбиркорлик ташаббусларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, соҳага аҳолини кенг жалб қилиш, уларнинг чорвачилик билан шуғулланиши учун қулай шароит яратиш борасида ишлар бошлаб юборилди. Шу жумладан, чорвачилик фаолияти билан шуғулланиш истагини билдирган лойиҳа ташаббускорлари қўллаб-қувватланмоқда.
Тумандаги “Эркиндарё” овул фуқаролар йиғини ҳудудидаги “Эркиндарё чорва” фермер хўжалиги томонидан 100 бош қорамолга мўлжалланган чорвачилик мажмуаси ишга туширилди. Халқ банкининг 1 миллиард 338 миллион сўм кредит маблағи эвазига жорий йилнинг май ойида 25 бош гольштейн ва 28 бош симментал наслли қорамол олиб келинди. Натижада 15 та янги иш ўрни яратилди. Бугунги кунга қадар 20 та бузоқ олинди.
Ҳар бир сигирдан кунига 20-25 литрдан сут соғиб олинмоқда. Ушбу маҳсулотлар Нукус шаҳридаги ва туман ҳудудидаги сутни қайта ишлаш шохобчаларига, савдо марказларига ва деҳқон бозорларига шартнома асосида етказиб берилмоқда.
Туман ҳокимининг қарори билан фермер хўжалигига жами 375 гектар ер майдони ажратилиб, шундан 40 гектарига маккажўхори, 60 гектарига беда ва бошқа озуқабоп экинлар экилди. Бу ишларга 7 та турли русумдаги техника ва агрегат жалб қилинган. Бугунги кунгача 500 тонна силос бостирилди. Бундан ташқари, 15 минг дона беда сенажи, 95 тонна маккажўхори сўтаси тайёрланди. Ҳар бир бош қорамол ветеринар мутахассиснинг кундалик назоратида бўлмоқда.
Тумандаги “Қушхонатов” овул фуқаролар йиғини ҳудудидаги “Агробизнес Бўзатов” масъулияти чекланган жамияти томонидан дастлабки босқичда 95 бош қорамолга мўлжалланган чорвачилик мажмуаси ишга туширилди. Германиядан 33 бош гольштейн ва 32 бош симментал наслли қорамол олиб келинди. Кейинги босқичда сутни қайта ишлайдиган ускуналар олиб келтирилиб, чорва кластерини ташкил этиш режалаштирилган. Мазкур овул фуқаролар йиғини ҳудудидаги “Бўзатов Симментал” масъулияти чекланган жамияти томонидан бугунги кунда 500 бош қорамолга мўлжалланган чорвачилик мажмуаси барпо этилмоқда. Халқ банкининг 24 миллиард сўм кредит маблағи эвазига биринчи босқичда Австрия давлатидан 300 бош қорамол олиб келинади. Кейинги босқичда яна 200 бош қорамол ва Туркиядан сутни қайта ишлайдиган ускуналар келтирилади.
Чорвачиликда энг муаммоли жиҳат – ўт-ем базасидир. Туманда мазкур муаммо ечими сифатида инновацион ёндашувлар кузатилмоқда.
Бўзатов туманида “Бўзатов яйлови” ишлаб чиқариш кооперативи томонидан гидропоника усулида қорамоллар учун озуқа етиштириш тажрибаси ўтказилмоқда. Бунда озуқавий экинлар тупроқсиз, махсус жиҳозланган шароитда сувда эритилган озуқа моддалари ёрдамида етиштирилмоқда.
Гидропоникада ўсимлик учун зарур бўлган барча мўътадил омиллар, жумладан, ҳаво ҳарорати, намлик, иссиқлик, ёруғлик, карбонат ангидрид, тоза сув, макро ва микро элементлар билан таъминлаш сунъий равишда вужудга келтирилади. Натижада ўсимликда фотосинтез жараёни фаоллашади ва кўплаб органик моддалар тўпланиб, жадал ўсиб-ривожланиши ва мўл ҳосил бериши таъминланади.
Қорақалпоғистонда кунига 500 килограмм гидропоник яшил хашак тайёрлайдиган ускуналар иккита жойда – Бўзатов туманидаги шу “Бўзатов яйлови” кооперативида ҳамда Мўйноқ туманидаги “Ажиниёз яйлови” кооперативида қурилган. Ушбу ускуналар Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тараққиёт Дастури ва Мослашув жамғармасининг “Ўзбекистоннинг қурғоқчил ҳудудларида жойлашган фермер ва деҳқон хўжаликларининг иқлимий барқарорлигини таъминлаш” қўшма лойиҳаси доирасида амалга оширилган.
Бу ускуналарнинг ҳар бирида кунига 500 кило хашак етиштириш билан 150 гектар суғориладиган майдонда етиштириладиган хашак экинларини ўрнини босади. Бунда 1 миллион 50 минг куб метр суғориш суви тежалади, сувга кетадиган 4 миллион 446 минг сўм харажат иқтисод қилинади. Шунингдек, 15 минг литр ёқилғи-мойлаш материалларини тежаб, 120 миллион сўм харажатни иқтисод қилса бўлади. Бундан ташқари, 1 миллион 700 минг сўмдан ортиқ харажатни ташкил қиладиган 32,5 тонна CO2 чиқиндиларини ҳамда иш ҳақи харажатларини ҳам тежаш мумкин. Ушбу кўпярусли гидропоника ускунаси чорва моллари, паррандачилик ва балиқчилик хўжаликларида озуқа нархини пасайтириш учун зарур бўлган кам иқтисодий энергия сарфига эга бўлган яшил биоемларнинг максимал маҳсулдорлигини ҳисобга олган ҳолда лойиҳалаштирилган ва ишлаб чиқарилган.
Туманда жуда кўп қурилиш ва бунёдкорлик ишлари олиб борилмоқда. Хусусан, ёшларнинг бўш вақтларини фойдали ўтказиш ва ҳар томонлама ривожланишлари учун қатор маданий, ижтимоий ва спорт иншоотлари барпо этилди. Бўзатовнинг янги қиёфаси янги марралар сари интилаётганини таъкидлаш лозим. Замонавий амфитеатр, болалар боғчалари, мактаблар, йўллар, савдо марказлари ва тикувчилик фабрикаси ва ҳоказо.
Яқинда ишга тушган «BOZ-TEX» МЧЖ текстил корхонаси ўлкага файз бахш этди ҳамда у ерда 300 та янги иш ўрни яратилиб, маҳаллий аҳолининг бандлигини таъминлашга катта ҳисса қўшди.
“Ўзпахтасаноат” корхонаси буюртмаси асосида қурилган умумий қиймати 11 млрд сўм бўлган ушбу лойиҳага кўра тикув цехида йилига 12 млрд сўмлик ёки 1,2 млн дона тайёр тикувчилик ва трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарилади.
Корхонада 6,2 млрд сўмлик қурилиш ишлари бажарилиб, 1,8 млрд сўмлик 250 та янги замонавий тикув машинаси ва 10 та дазмоллаш ускунаси ўрнатилган.
Бугунги кунда корхонага 166 та ишчи қабул қилинган бўлиб, тикувчилик ва трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилган.
Туман марказида 4,4 млрд. сўм маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобига қад ростлаган “Ёшлар маркази” ёшларнинг ҳақиқий маънавий-маърифий марказига айланади.
Бугунги кунда объектда 3,7 млрд.сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилган.
“Ёшлар маркази” биносида 200 та ўринли мажлислар зали қайта таъмирланган ва замонавий ускуналар билан жиҳозланган.
Шунингдек, марказда аҳоли фойдаланиши учун 1 та кутубхона ва ёшларни касбга қайта ўқитиш курслари (чет тилларини ўргатиш, компьютер саводхонлиги каби тўгараклари) ташкил этилади.
6 млрд. сўм маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобига қад ростлаган Бўзатов тумани Марказий футбол ўйингоҳи ҳам муҳташам манзилга айланди.
Бугунги кунда объектда қурилиш ишлари тўла бажарилиб, 1000 ўринга мўлжалланган замонавий футбол стадиони янгидан қурилди ва замонавий жиҳозлар билан таъминланди.
Стадионнинг хизмат хоналари ва томошабинлар ўриндиқлари қурилиши тўлиқ бажарилган. Сунъий қоплама ва югуриш йўлакчалари қурилган.
Стадионда спортнинг футбол ва енгил атлетика турлари бўйича тўгараклар фаолият кўрсатмоқда ва 120 нафардан ортиқ ёшлар мунтазам спорт машғулотлари билан шуғулланмоқда.
Янгидан қурилган 1000 ўринлик Маданият маркази туманнинг янада кўркига кўрк қўшди. 5,8 млрд маҳаллий бюджет маблағлари эвазига қурилган иморат замонавий жиҳозлар билан таъминланди.
Амфитеатр қурилишининг асосий биноси, ёрдамчи хоналари, саҳнаси ва томошабинлар ўтириш жойлари қурилиши тўлиқ якунланган.
Амфитеатр биносида туман аҳолисига маданий хизмат кўрсатиш ҳамда оммавий байрамлар ва кўнгилочар тадбирлар ўтказишга мўлжалланган.
Бир вақтлари Қорақалпоғистон “Швейцарияси” номи билан донг таратган, кейинчалик эътибордан бироз қолиб кетган ўлкада бугунда қайта ҳаёт жўш урмоқда. Бўзатов улкан имкониятлар ҳудуди сифатида янги марраларни забт этишга киришган.
Есимхон Қаноатов, Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА