Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 11 апрелдаги “Хусусий нотариал фаолиятни ташкил этишни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан адлия органлари, давлат нотариуслари фойдаланувида бўлган бино ва иншоотларни хусусий нотариусларга ижарага бериш тартиби йўлга қўйилди.
Жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳри Ўзбекистон гузари кўчаси 56-уйда жойлашган нотариал идора биноси капитал реконструкция қилиниб хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариусларга топширилди.
Бугунги кунда иморатда 7 нафар нотариус аҳолига хизмат кўрсатмоқда. Янги, шинам, замонавий кўринишдаги нотариал идора таъмирига қарийб 900 миллион сўм ажратилди.
Маълумот учун: бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида 2 та давлат ва 46 та хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус фаолият юритмоқда. Нотарислар томонидан жорий йилнинг 8 ойи давомида 60 минг 306 нотариал ҳаракат амалга оширилди.
Ўзбекистон Республикаси адлия вазири Р.Давлетов Қорақалпоғистон Республикасига хизмат сафари давомида мазкур нотариал идорадаги шароит билан танишди. Хусусий амалиёт билан шуғулланаётган нотариуслар қонуний ва адолатли фаолият юритиши кераклиги ҳамда хусусий нотариал идоралар давлат томонидан ҳар доим қўллаб-қувватланишини таъкидлади.
Р.Давлетов қорақалпоғистонлик нотариуслар билан мулоқот қилиб, улар ўз фаолиятини амалга оширишда қандай муаммоларга дуч келаётганини аниқлаб, бу муаммоларни бартараф этиш учун қандай йўл тутиш кераклиги бўйича ҳам тавсиялар берди. Бундан ташқари, Қорақалпоғистондаги Республикаси нотариал идоравий архиви ва ФҲДЁ архиви фаолияти билан яқиндан танишди.