Трамп коронавирусга чалинди

АҚШ президенти Дональд Трамп ва унинг рафиқаси Мелания коронавирусга чалинди. 
Бу ҳақда унинг ўзи Twitter саҳифасида ёзган.
АҚШ раҳбарининг маълум қилишича, у ва унинг рафиқасидан инфекция борлигини аниқлаш бўйича топширилган тест ижобий натижа берган. «Биз зудлик билан карантин сақлашга ва даволанишга киришамиз. Биз касалликни биргаликда енгиб ўтамиз!» — дея таъкидлади у интернет саҳифасида.
Бундан аввалроқ Оқ уй раҳбари яқин маслаҳатчиларидан бири Хоуп Хиксда коронавирус аниқлангани ҳақда ёзганди.
«Тиним билмай ишлаб келаётган Хоуп Хиксда яқиндагина коронавирус аниқланди. Даҳшат!» — деб ёзганди Трамп. Шундан кейин президент ўзи ва хотини инфекция борлигини аниқлаш учун тест топширганини ва натижасини кутаётгани ҳақда қўшимча қилганди.
Хабарда Хоуп Хикс президентнинг 29 сентябрда Миннесотада бўлиб ўтган телебаҳсга боришида ҳамда 30 сентябрда бўлиб ўтган митингдаги иштирокида ҳамроҳлик қилгани айтилмоқда.

 

ЎзА