Оролбўйидаги муқаддас қадамжо – “Норинжон бобо” мажмуаси Элликқалъа туманида жойлашган.
Маълумотларга кўра, Абдулла Норинжоний ўз даврининг таниқли алломаларидан бўлиб, ўрта асрларда яшаб ўтган. Норинжон бобонинг асл исми Муҳаммад ибн Мусо ибн Довуд Абу Абдуллоҳдир. У Арабистондан Ўрта Осиёга кўчиб келгандан кейин маҳаллий аҳолига дин илмини ўргатган, ислом маданиятини тарғиб қилган.
Норинжон бобо ва унинг мақбараси, Норин қалъаси ҳақида ишончли маълумотлар археолог олим Ғайратдин Хўжаниёзовнинг мақолаларида акс эттирилган. Олимнинг “Тамаддун нури” журналида чоп этилган “Норинжон қалъаси ва Норинжон бобо мажмуаси” номли мақоласида таъкидланишича, сўнгги даврда топилган қабртош Муҳаммад ибн Мусо ибн Довуд Абу Абдуллоҳ ан-Норинжонийнинг яшаган даврига аниқлик киритди.
Ундаги ёзувда шайхнинг X аср бошларида вафот этгани ва у қалъанинг ғарбий девори ёнига дафн этилгани айтилган. Мазкур қабртош ҳозирда Қорақалпоғистон тарихи ва маданияти музейида сақланмоқда.
X-XI асрларда Норинжон қалъаси Жанубий Орол бўйидаги яхши ривожланган қалъалардан бири бўлган. Бунинг сабаби қалъанинг савдо йўлига яқин жойда қурилганидир. Бу ердан Бухоро, Самарқанд, Шарқий Туркистонга ва қуйи Сирдарё бўйидаги қалъаларга савдо йўли ўтган.
Истиқлол йилларида тарихий қадамжода таъмирлаш, ободонлаштириш ишлари олиб борилиб, зиёратчи ва сайёҳлар учун барча шароитлар яратилди.
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ(сурат), ЎзА