ҲАМДАРДЛИК

Ўзбекистон илм-фани оғир жудоликка учради.
Атоқли адабиётшунос олим, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиги Тўра Мирзаев шу йил 29 сентябрь куни 84 ёшида вафот этди.
Т.Мирзаев 1936 йил 6 мартда Бухоро вилоятининг Шофиркон туманида туғилди. 1957 йили Бухоро давлат педагогика институтини тугатиб, меҳнат фаолиятини Сурхондарё вилоятининг Жарқўрғон туманидаги 22-ўрта мактабда ўқитувчи сифатида бошлади. 1961-1963 йилларда Ўзбекистон Фанлар академияси Тил ва адабиёт институти аспирантурасида таҳсил олди, 1965 йилда номзодлик, 1986 йилда докторлик диссертациясини ҳимоя қилди. 2017 йилда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоси этиб сайланди.
Истеъдодли олим ўзининг қарийб 65 йиллик илмий-педагогик ва ташкилотчилик фаолияти давомида Фанлар академияси Тил ва адабиёт институти катта илмий ходими, сектор мудири, директори, Фанлар академиясининг ижтимоий-гуманитар фанлар бўйича вице-президенти, Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институтининг етакчи илмий ходими каби лавозимларда самарали меҳнат қилиб, юртимизда адабиётшунослик, фольклоршунослик фанлари соҳасидаги долзарб масалаларни тадқиқ этиш, юқори малакали кадрлар тайёрлаш ишига муносиб ҳисса қўшди.
Т.Мирзаев ўзбек халқ оғзаки бадиий ижодиётини кенг кўламда тадқиқ этиш борасида илмий мактаб яратган, эпосшуносликнинг назарий ва амалий масалаларига доир кўплаб асарлари нафақат мамлакатимиз, балки чет элларда ҳам эътироф этилган таниқли фольклоршунос олим эди.
Айниқса, унинг раҳбарлиги ва иштирокида тайёрланган 15 жилдлик “Ўзбек фольклори ва адабиёти тарихи” илмий-амалий тўплами, “Алпомиш” достони, “Ўзбек халқ мақоллари”нинг академик нашрлари, шунингдек, олимнинг кўп жилдлик “Ўзбек халқ ижоди”, “Ўзбек фольклори очерклари”, “Ўзбек халқ ижоди бўйича тадқиқотлар” каби китоблари, кўплаб илмий мақолалари, китоб ва монографиялари миллий адабиётимиз ва маданиятимиз хазинасига муносиб ҳисса бўлиб қўшилди.
Жонкуяр устоз сифатида кўплаб ёшларга илм-фан сирларидан сабоқ берган заҳматкаш олимнинг бевосита раҳбарлигида ўнлаб фан докторлари ва фан номзодлари тайёрланган.
Академик Т.Мирзаевнинг мамлакатимиз илм-фанини ривожлантириш борасидаги хизматлари давлатимиз томонидан муносиб тақдирланди. У Беруний номидаги Ўзбекистон Республикаси Давлат мукофоти, “Ўзбекистон Республикаси фан арбоби” фахрий унвони, “Фидокорона хизматлари учун” ва “Дўстлик” орденларига сазовор бўлган эди.
Атоқли олим, меҳрибон устоз, камтарин инсон Тўра Мирзаевнинг хотираси қалбларимизда ҳамиша сақланиб қолади.
Ш.Мирзиёев, Т.Норбоева, Н.Исмоилов,
А.Арипов, Б.Йўлдошев

 

ЎзА