Тадбирни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Оила ва аёллар масалалари комиссияси раиси, Ўзбекистон ХДП марказий кенгаши раиси ўринбосари Мақсуда Ворисова бошқарди.
Анжуманда хотин-қизларни турмушда, иш жойларида, таълим муассасаларида ҳамда бошқа жойларда тазйиқлар ва зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш масалаларига эътибор қаратилди.
Ўзбекистон ХДП марказий кенгаши сектор мудири Гулшан Асатова “Хотин-қизлар ижтимоий ҳимояси: ютуқлар, муаммолар ва уларнинг ечими” мавзусидаги маърузасида ҳозирги синовли кунларда хотин-қизларни ижтимоий ҳимоя қилиш муҳим масала эканини таъкидлаб, бу борада олиб борилаётган амалий ишларга тўхталди.
Хотин-қизларни ўйлантираётган энг асосий муаммолардан бири уларнинг бандлигини таъминлашдир. Муаммоларнинг кўпи ҳам шу масалага боғлиқ бўлиб қолмоқда. Ўзбекистонда 1 миллион атрофида ишсиз аёл бор, бунга доимий иш ўрнига эга бўлмаган, мавсумий ишларда банд аёллар қўшилса, уларнинг сони 2-2,5 миллионни ташкил қилади.
Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги масъул ходими хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлашга оид долзарб масалалар ва уларнинг ечими бўйича таклифлар берди.