Экспорт иқтисодиётимиз ривожининг асосий омили

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 21 сентябрь куни ўсимликлар карантини соҳасидаги ислоҳотлар натижадорлиги таҳлилига бағишланган йиғилиш ўтказган эди.

Йиғилишда ўсимликларни ҳимоя қилиш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, шу жумладан, экспортга кўмаклашиш, хорижий давлатлар билан битимлар тузиш, ўсимликлар клиникаси ва биолабораториялар ташкил қилиш борасидаги кенг кӱламли ишлар муҳокама қилиниб, келгусидаги вазифалар белгилаб берилди.

Мамлакатимизда сифатли қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва уларни экспортга йўналтиришга долзарб вазифалардан бири сифатида қаралмоқда. Бунда маҳсулотларни жаҳон бозори талабларига мослаштириш, унинг фитосанитар тозалигини таъминлаш алоҳида аҳамиятга эга. Бу ўсимликлар карантини соҳаси ходимлари зиммасига катта масъулият юклайди.

photo_2020-09-29_20-30-58.jpg

– Шаҳар ва туманлар, чегара, шунингдек, ташқи иқтисодий фаолият божхона масканларига бириктирилган мутахассислар томонидан зарарли организмларнинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш тадбирлари самарали амалга оширилмоқда, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Ўсимликлар карантини ҳудудий инспекцияси бошлиғи Мардон Жуманиязов. – Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 28 мартдаги “Ўсимликлар карантини бўйича давлат хизмати фаолиятининг самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида шаҳар ва туманларда 15 та “Ўсимликлар клиникаси” ташкил этилди.

Ҳозирги вақтда мазкур клиникалар фермерлар, деҳқонлар ва томорқа ер эгаларига ўсимликларга зарар етказувчи зараркунандалар, касалликлар ва бегона ўтларга қарши курашишда ўз ёрдамларини бериб келмоқда. Эндиликда клиникалар сонини икки баробарга ошириш чоралари кўрилмоқда.

Экспортёр ва импортёрларга шароитлар яратиш, карантин остидаги маҳсулотларни зудлик билан текширув ва экспертизадан ўтказиш мақсадида ҳудудий инспекция сайёр лаборатория билан таъминланди.
photo_2020-09-29_20-30-51.jpg

Соҳа ривожи учун олиб борилаётган бундай саъй-ҳаракатлар натижасида Оролбўйида етиштирилаётган маҳсулотлар экспорти кўрсаткичи ҳам ортиб бормоқда. Масалан, жорий йил бошидан Қорақалпоғистондан чет давлатларга 42 минг 700 тоннадан зиёд сабзавот ва полиз, кунжут, мош, ловия, ип-калава, техник маҳсулотлар, қизилмия илдизи фитосертификатлар билан таъминланган ҳолда экспортга чиқарилди.

Давлатимиз раҳбари юқорида қайд этилган йиғилишда соҳа ходимларига тегишли вазифаларни белгилаган ҳолда, маҳсулотларни ҳозирги нархидан 3-4 баробар қимматроқ сотиш, шунингдек, товарларни халқаро фитосанитария талаби асосида тайёрлаш учун маҳсулот етиштирувчи, қадоқловчи ва экспорт қилувчи ҳар бир корхонага карантин инспекторларини бириктириш бўйича кўрсатмалар берди.

Бу эса ҳар биримиздан ўз вазифамизга янада масъулият билан ёндашишни талаб қилади. Чунки, жаҳон бозорларига чиқариладиган маҳсулотнинг сифатини таъминлаш, зарарланишининг олдини олиш Ўсимликлар карантини соҳаси агроном-инспекторларининг асосий мақсадидир.

 

Д.АБИБУЛЛАЕВ, Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА