Маҳоратли педагог

1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни 
 
Нукус шаҳридаги 32-умумтаълим мактабининг биология фани ўқитувчиси Роза Бойнизова 25 йилдан буён таълим-тарбия соҳасида хизмат қилаётган фидойи педагоглардан.
Муаллима ўз устида доим изланиб, дарсларни янгича педагогик усуллар асосида самарали ташкил этади. Юқори синф ўқувчилари учун биология ва зоология фанлари дарсликларининг тайёрланиш жараёни ва унинг чоп этилишида тажрибали педагоглар қаторида қатнашган.
Шунингдек, у биология ва зоология фанлари бўйича кўплаб илмий мақолалар, педагоглар учун методик-услубий қўлланмалар муаллифи ҳамдир. Муаллиманинг кўплаб ўқувчилари фан олимпиадалари ва билимлар беллашувларида яхши натижа кўрсатиб келаётгани ҳам унинг касбий маҳоратидан дарак.
Айни пандемия даврида Роза Бойниёзова Қорақалпоғистон телеканали орқали ўқувчилар учун қорақалпоқ тилида эфирга узатилаётган онлайн телевизион дарсларни тайёрлашда фаол қатнашмоқда.
Педагогнинг кўп йиллик фидокорона меҳнатлари муносиб баҳоланиб, у “Ўзбекистон Республикаси халқ таълими аълочиси”, “Қорақалпоғистон Республикаси халқ таълими аълочиси” кўкрак нишонлари, “Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган халқ таълими ходими” унвони билан тақдирланган. 2011 йил ўтказилган “Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси” кўрик-танловининг мамлакат босқичида совринли ўринга сазовор бўлган.

 

Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ, ЎзА