ФУТБОЛ: Тошкентнинг “Пахтакор” клуби Осиё Чемпионлар лигасининг нимчорак финалида Эроннинг “Истиқлол” жамоасини 2:1 ҳисобида таслим этди.
Қатарда бўлиб ўтаётган турнирнинг ушбу учрашуви 32-дақиқасида тажрибали Али Карими ҳисобни очган бўлса, 43-дақиқада Драган Черан ҳисобни тенглаштирди. Иккинчи бўлимнинг 47-дақиқасида швейцариялик ҳужумчи Эрен Дердийок рақиб дарвозасини ишғол этиб, “Пахтакор”нинг ғалабасини таъминлади.
Эслатиб ўтамиз, бугун Осиё Чемпионлар лигасининг чорак финал баҳсига қуръа ташланади.
***
От спорт: Пойтахтимиздаги “Universal Jumping Agro” от спорти клубида конкур йўналиши бўйича Ўзбекистон чемпионати бўлиб ўтди. Унда Б.Курбанов, Б.Газиев, Д.Абдурахмонов, У.Камилов, М.Адилов, О.Собиржонов каби чавандозлар турли баландликдан сакраш бўйича мамлакат чемпионига айланди.
***
Гимнастика: Украинанинг Киев шаҳрида спорт гимнастикаси бўйича ўтган халқаро мусобақада аёллар ўртасида таяниб сакраш бўйича ўтган беллашувларда Оксана Чусовитина мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилди.
Оксана ўзининг юксак тажрибаси ва ғалабага бўлган интилиши сабаб, кескин ва муросасиз ўтган баҳсларда барча рақибаларини орта қолдириб, олтин медалга сазовор бўлди.
***
Оммавий спорт:Сирдарё вилояти ҳокимлиги, жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси томонидан пандемия даврида жамиятда соғлом турмуш тарзини шакллантириш, аҳоли, айниқса ёшларни жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишга жалб этиш, оммавий спортнинг инсон ва оила ҳаётидаги муҳим аҳамиятини тарғиб этиш мақсадида Гулистон, Янгиер ҳамда Ширин шаҳарларида “Соғлик учун 5000 қадам” шиори остида оммавий юриш тадбирлари ташкил этилди.
Ушбу оммавий тадбирларда мазкур ҳудудларда истиқомат қилувчи аҳолининг барча қатлами, кексалар ва нуронийлар, аёллар ва ёшлар белгилаб берилган масофани пиёда босиб ўтишди. Оммавий спорт тадбирида 2 минг нафарга яқин аҳоли жалб этилди.
Жавоҳир ТОШХЎЖАЕВ, ЎзА