Олий минбарда мамлакатлар манфаати

Тарихдан маълумки, турли замон ва маконларда дунёни ўзгартирадиган нутқлар бўлган. Улар кичик доирада эмас, балки юксак минбарлардан олам аҳлига қаратилгани билан ажралиб туради. Бунинг боиси ирод этилган нутқ ўзининг мазмун моҳияти ва кўтарилган муаммоларда муайян ҳудуднинг эмас, балки дунё халқлари тақдирига дахлдор масалаларнинг кўндаланг қўйилиши ва унинг ечимига доир қатъий талаб ва тавсияларнинг эътироф этилиши билан изоҳланади.

Xудди шундагина у тарихий нутқ мақомини олиши муқаррардир. Ўшандагина дунё давлатлари ва ҳукумат раҳбарларининг нигоҳи унга қаратилган бўлади.Шубҳасизки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТнинг 75 – юбилей сессиясидаги маърузаси ана шундай нутқлар сирасига киради. Моҳият эътибори билан у иккита асосга эга бўлди. Биринчидан, бугунги кунда дунё мамлакатларини ташвишга солаётган муҳим ва муқим муаммоларнинг эътирофи бўлса, иккинчидан, худди шу масалаларнинг дунё аҳлига, халқаро ҳамжамият, ҳукумат доиралари эътиборига халқимизнинг борлиғи ва бойлиги бўлган давлат тилида, яъни ўзбек тилида ҳавола қилинганидир. Олий минбардан ўзингиз туғилиб ўсган ватаннинг тили янграса, ўйлаймизки, фуқаролик бурчини англаган, юрт тақдирига дахлдорлик туйғуси бўлган ҳар бир инсон қалбига ғурур бахш этиши тайин.

Президент нутқини бутун жаҳон аҳли қаторида халқимизнинг ҳам ҳаяжон ва айрича интиқлик билан кутгани ва тинглаганининг боиси бор, албатта. Бу ҳаёт, ватан тақдиригагина эмас, балки сайёрамиз, ер аҳолисининг қисмати билан боғлиқ муаммоларнинг кўтарилганидир. Ҳар бир давлатнинг қудрати ўз халқининг барча эҳтиёжларини қондириши билан изоҳланиши аниқ. Чунки давлат ва халқ бирлигисиз ватан қудрати ва бойлигини тасаввур этиш қийин. Айниқса, ижтимоий ва табиий офатлар халқлар бошига кулфат келтирган таҳликали ва синовли дамларда баҳамжиҳат оқилона сиёсат юритиш таклифи узоқни кўзлаган раҳбарларга хос бўлади. Пандемия панд бериши билан бирга дунё аҳлининг иродасини ҳам синагани рост. Президентимиз ўз нутқлари дебочасида Covid-19 глобал ҳалокати инсониятнинг заиф жиҳатларини кўрсатганини, бу эса барча давлат ва халқлар тақдирининг ўзаро боғлиқ эканини, орада мунтазам мулоқот, ишонч ва яқин ҳамкорлик муҳимлигини, халқаро шерикликни мувофиқ ҳолда ривожлантириш лозимлигини таъкидлаб ўтдилар.

Давлатимиз раҳбари ўз нутқида БМТ шафелигида пандемия даврида Давлатларнинг ихтиёрий мажбуриятлари тўғрисидаги халқаро кодексни ишлаб чиқишни таклиф этишлари бежиз эмас. Ушбу ҳужжатда ҳар бир давлатнинг ўз фуқаролари ва халқаро ҳамкорлари олдидаги мажбуриятлари акс этиши лозимлигининг уқтиришлари ўринли бўлди. Бу фикрга бирдан келинмагани, бунинг учун вақт ва ҳаётий тажриба, малака ва донишмандона ҳаракат, илму амал бирлиги замин бўлгани рост.

Уч йил муқаддам ташланган қадам

Фаолиятнинг икки қаноти бор, бу ташаббускорлик ва ташкилотчиликдир. Қолаверса, шу орқали тараққиётга замин ҳозирланади. Бу эса сўз ва амалнинг бирлиги, қонун ва ислоҳотларнинг бекаму кўст ижроси билан изоҳланади. Бу борада Президентимиз ибрат ва ўрнак бўлганига шубҳа йўқ.

Буни 2017 йил сентябрида, БМТ Бош Ассамблеяси 72-сессиясида илгари сурилган ва амалга оширилган ташаббуслар мисолида ҳам кўриш мумкин.

Барқарор тараққиёт ва тинчликка хавф солувчи ҳар қандай кучларга қарши ҳамжиҳатликдаги ҳаракат муҳимлигини Президентимиз уч йил олдин таъкидлаган эдилар. Афғонистон мисолида бу масаланинг муҳимлигига жаҳон ҳукумат доираларининг эътиборини жалб этган эдилар. Тинчликка эришишнинг ягона йўли сифатида марказий ҳукумат ва мамлакат ичидаги асосий сиёсий кучлар ўртасида олдиндан ҳеч қандай шарт қўймасдан, тўғридан-тўғри мулоқот олиб бориш лозимлигини эътироф этган эдилар. Бу борада қатор амалий ишлар йўлга қўйилгани эътиборга молик. Айниқса, Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштиришга қаратилган ҳаракатлар мисолида 2018 йил 28 март куни «Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик» мавзусида Афғонистон бўйича юқори даражадаги Тошкент халқаро конференцияси ўтказилганини ҳам мисол сифатида айтиш мумкин. Шунингдек, 2018 йил апрель ойида Афғонистон бўйича Тошкент декларацияси Бош ассамблеянинг 72-сессияси ва БМТ хавфсизлик кенгашининг расмий ҳужжати сифатида тарқатилгани ҳам муҳимдир. Айни пайтда Афғонистон президенти Ашраф Ғанининг ушбу фикрлари ҳам амалга оширилаётган ишларнинг ҳар томонлама манфаатли эканига иқрорлигини ифода этади: «Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан икки йил аввал ўтказилган Афғонистон бўйича Тошкент халқаро конференцияси муҳим воқеа. Афғонистон муаммосини тинч йўл билан ҳал этиш бўйича сиёсий жараённи бошлаш манфаатдор томонлар ўртасидаги мулоқотнинг ўзаро мақбул шакллари ва механизмларини излаш жараёнида «бошланғич нуқта» бўлди».

2017 йилнинг ноябрида Термизда Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим маркази очилгани, Қобул-Тошкент-Қобул йўналиши бўйлаб тўғридан-тўғри авиақатновларнинг йўлга қўйилгани, 2018 йил октябрда Термизда Афғонистоннинг Бош консулхонаси очилганини, 2019 йил июлда икки мамлакат тарихида Ўзбекистон Бош вазирининг Мозори шарифга илк ташрифи амалга ошгани, Ўзбекистон Сурхон-Пули-Ҳумри электр узатиш линиясини қуриш бўйича лойиҳа амалга оширилаётганини, пандемия даврида Ўзбек-Афғон чегараси орқали Афғонистон ҳудудида турли юклар мунтазам етказилаётгани, коронавирус пандемияси сабабли Ўзбекистон Афғонистонга бир неча бор озиқ-овқат, кундалик зарурий маҳсулотлар дори-дармонлардан иборат инсонпарварлик ёрдами жўнатаётганини, 2020 йил августда Тошкентда Ўзбекистондан Афғонистонга электр энергияси етказиб бериш бўйича 10 йиллик шартнома имзолангани ҳамда Ўзбекистон-Мозори шариф-Қобул темир йўл линияларини қуриш бўйича лойиҳаларни амалга оширишга киришилгани кабиларни ташаббус ва ташкилотчиликнинг ёрқин намунаси сифатида санаш мумкин.

Жаҳоншумул экологик масалага айланган Орол муаммоси ҳақида тўхталганларида махсус харитани намойиш этиш орқали ўз фикр ва таклифларини билдирган эдилар. Халқаро миқёсдаги саъй-ҳаракатларни фаол бирлаштириш денгизнинг қуриши билан боғлиқ оқибатларни бартараф этиш борасидаги муҳим қадам бўлишини қайд этгандилар. Президентнинг шу каби таклиф ва мулоҳазаларидан сўнг бир қатор ижобий ҳаракатлар сезилди. 2018 йил 27 ноябрда Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўпшериклик Траст жамғармаси ташкил этилгани бунинг яққол мисолидир. Оролбўйи инқирозидан жабр тортган аҳолига ёрдам кўрсатиш бобида ҳам Ўзбекистон ибрат намунасини кўрсатгани рост. Ўзбекистон ҳукумати 2019-2020-йилларда Траст жамғармасига ҳисса қўшиши режалаштирилган олти ярим миллион доллардан уч ярим миллионини ўтказгани, шунингдек, Европа иттифоқи, Норвегия, Финляндия, Корея республикаларининг ҳам ўзига хос ҳиссалари борлигини таъкидлаш керак. Бу борада БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш «Орол бўйи минтақаси учун инсон хавфсизлиги бўйича кўп шериклик Траст жамғармаси маҳаллий аҳолининг турмуш шароитларини сезиларли даражада яхшилашга ва барқарор тараққиёт мақсадларини амалга оширишга сезиларли ҳисса қўшади. Траст жамғармаси қўллаб-қувватлайдиган дастурлар аллақачон минтақада янги иш ўринларини яратишга ёрдам беради, уларнинг 45 фоизини аёллар ташкил этади» – дея миннатдорчилик билдиргани ҳам эътиборлидир. 28 та мамлакатдан 250 га яқин иштирокчи қатнашган, 2019 йил 24-25 октябрь кунлари Нукусда «Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар зонаси», деб эълон қилиш бўйича юқори даражадаги халқаро конференция ҳам ўтказилганини эътироф этиш ўринлидир. «Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар зонаси» деб эълон қилиш бўйича БМТ Бош Ассамблеясининг махсус резолюциясини қабул қилиш тўғрисида Ўзбекистоннинг таклифи қўллаб-қувватланди. Бу эса давлатимиз раҳбарининг қатъий ишончи ва узоқни кўра билиш салоҳиятининг нишонасидир.

Президентимиз уч йил муқаддам ана шу юксак минбардан БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида жаҳон жамоатчилигига ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини етказиш муҳимлигини таъкидлаганди.

Давлат раҳбари сессияда БМТ Бош Ассамблеясининг «Маърифат ва диний бағрикенглик» деб номланган махсус резолюциясини қабул қилиш таклифи билан чиққанди. Ҳужжатнинг асосий мақсади — барчанинг таълим олиш ҳуқуқини таъминлашга, саводсизлик ва жаҳолатга барҳам беришга кўмаклашишдан иборат.

2018 йил 12 декабрда БМТ Бош Ассамблеяси ялпи мажлисида ислом динининг чинакам инсонпарварлик моҳиятини тарғиб қилиш, бағрикенглик ва виждон эркинлигини таъминлаш мақсадида «Маърифат ва диний бағрикенглик» махсус резолюциясини қабул қилди. Бу ҳам халқи номидан сўзлаган Президентга ишончнинг белгиси. Президент таклифи асосидаги ушбу резолюцияни БМТга аъзо давлатлар бир овоздан маъқуллади. Ҳужжатда маърифат, тинчлик, инсон ҳуқуқлари, бағрикенглик ва дўстликни тарғиб қилишнинг муҳим роли таъкидланган. Динлараро, маданиятлараро, конфессиялараро тотувликни ривожлантиришга ва шахсларга нисбатан дин ёки эътиқод асосида камситишларга қарши курашишга қаратилган барча халқаро, минтақавий ва миллий ташаббуслар мамнуният билан қабул қилинган.

Марказий Осиёда хавфсизликни таъминлаш ва минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасидаги таклифлар ҳам реаллашгани аниқ. Ўзбекистон Президенти ўша нутқида «Ўзбекистон бугунги кунда ўзининг ташқи сиёсатида Марказий Осиё минтақасига устувор аҳамият қаратмоқда», — дея таъкидлаган эди. 2017 йил 10-11 ноябрь кунлари Самарқандда «Марказий Осиё: ягона тарих ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик» мавзусида халқаро конференциянинг ташкил этилиши, 2018 йил 22 июнь куни БМТ Бош Ассамблеяси ялпи мажлисида «Марказий Осиё минтақасида тинчлик, барқарорлик ва барқарор ривожланишни таъминлаш учун минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш» резолюциясининг қабул қилиниши, Ўзбекистон томонидан Марказий Осиёнинг қўшни давлатлари билан биргаликда ишлаб чиққан лойиҳасини БМТ таркибидаги давлатларнинг барчаси бир овоздан маъқуллаши Ўзбекистон халқи ва раҳбарига бўлган хайрихоҳликнинг намунаси экани аён.

Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенция энг муҳим масалалардан бири. БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида Президентимиз ёшларнинг ўз салоҳиятини намоён қилиши учун зарур шароитлар яратиш, зўравонлик ғояси «вируси» тарқалишининг олдини олиш аҳамиятини эътироф этгандилар. Шу муносабат билан, Ўзбекистон глобаллашув ва ахборот-коммуникация технологиялари жадал ривожланиб бораётган бугунги шароитда ёшларга оид сиёсатни шакллантириш ва амалга оширишга қаратилган умумлаштирилган халқаро ҳуқуқий ҳужжат — БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенциясини ишлаб чиқиш таклифи мамлакатлар манфаати ва келажаги учун қайғуриш эди. Бу борада бир неча босқичли амалий ҳаракатлар бошлаб юборилди.

Бир қатор давлат органлари, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи ва ёшлар ННТ ташкилотлари, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий ва хорижий экспертлар вакилларидан иборат ишчи гуруҳ тузилгани, ишчи гуруҳ халқаро ва минтақавий тажрибаларни 50 дан ортиқ давлатларнинг ёшлар ҳуқуқлари бўйича миллий қонунчилигини ўрганиб чиққани, ўрганишлар натижаси бўйича Конвенция лойиҳаси ва унга ҳамроҳ материаллар тўплами ишлаб чиқилиб, улар халқаро ҳамжамият, давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтларининг кенг муҳокамасига тақдим этилгани, Конвенция лойиҳаси 40дан ортиқ халқаро форумлар ва экспертлар ҳамжамияти йиғилишларида ҳамда халқаро экспертлар иштирокида муҳокама қилингани эътиборлидир. Шунингдек, Конвенция лойиҳасини муҳокама қилиш миллий даражаларда ташкил этилиб, ҳужжат Олий мажлис ҳузуридаги Ёшлар парламентлари томонидан кўриб чиқилгани, Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенция лойиҳаси видеоконференцалоқа орқали 2020 йил 12-13 август кунлари бўлиб ўтган инсон ҳуқуқлари бўйича иккинчи Самарқанд веб-форуми давомида муҳокама қилингани диққатга сазовор.

Бу саъйи ҳаракатлар фаолият давомида сўз ва иш бирлигини намоён этибгина қолмай, балки жаҳон афкор оммаси ва ҳукумат доираларининг тинчликсеварлик сиёсати, маданияти, диний-маърифий онг-у тафаккури, истиқбол мезони бўлган ёшларга бўлган муносабатида ҳамкор ва ҳамжиҳат бўлишга, биргаликда иш тутишга чорлаши билан аҳамиятлидир.

Шу боис Президентимиз БМТнинг 75-сессиясидаги нутқида бугунги вазиятга баҳо бериш ва мамлакатлар тақдири, манфаатлари борасида якдил мақсад сари қадам ташлашдаги комил ишонч ҳамда кўнгил тўқлиги, юз ёруғлиги, дадиллик, мулоҳазакорлик руҳини сезмаслик мумкин эмас эди. Жаҳоннинг юқори ташкилот ва идора раҳбарлари томонидан тарихий нутқ сифатида эътироф этилган бу чиқишда дунё мамлакатлари манфаатига дахлдор мулоҳаза, таклиф ва тавсиялар ҳеч кимни бефарқ қолдирмади. Дунёни ташвишга соладиган табиий офатлар-у ижтимоий хавфлар давлатимиз раҳбари эътиборидан четда қолмади. Ўзбекистон мисолида айтилган бу фикрлар барча жаҳон аҳлини ҳам ташвишга солмасдан қўймаслиги аён.

Жумладан, судларнинг чинакам мустақиллиги ва қонун устуворлигини таъминлашга йўналтирилган кенг қамровли ислоҳотларнинг изчил амалга оширилаётгани, Коррупцияга қарши муросасиз кураш янги босқичга кўтарилгани, бу борада муҳим қонун ҳужжатлари қабул қилиниб, мустақил тузилма – Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташкил этилгани мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари борасидаги демократик тамойилларнинг амалдаги ифодаси экани аниқ. Дунёнинг жуда кўп мамлакатларида ҳам муҳим муаммолардан саналган иқтисодий ислоҳотлар масаласини жадал ривожлантириш, айниқса ўзининг салбий таъсирини ўтказган пандемия шароитида бунинг долзарблиги эътироф этилди. Биринчи марта камбағалликни камайтириш ҳақидаги қатъий қарорни очиқ эълон қилингани ҳам таъкидланди. Бунга тадбиркорликни ривожлантириш ва қўшимча иш ўринлари яратиш, инвестиция ва бизнес муҳитини яхшилаш ҳамда замонавий инфратузилмани барпо этиш, одамларни янги касб-ҳунарларга ўргатиш ва аҳолига манзилли ижтимоий ёрдам кўрсатиш орқали эришаётганимиз рўйи рост эътироф этилди. Шунингдек, мамлакатимиз аҳолисининг ярмидан кўпини ёшлар ташкил этиши, Республикамизда ҳар бир йигит-қизнинг жамиятда муносиб ўрин эгаллаши ва ўз салоҳиятини намоён этиши учун улкан ишлар амалга оширилаётгани, жумладан, Ўзбекистонда Ёшлар парламентлари, Ёшлар ишлари агентлиги фаолият кўрсатаётгани эътиборга молик.

Давлатимиз раҳбари нутқида баён этилган ушбу таклифлар бамисоли нишонга теккан ўқдек моҳиятга эга бўлиб, дунё аҳлини ҳайратга солди десак, муболаға бўлмайди. Олдинги сессияда кўтарилган масалалар борасида қатъий ҳаракат ва амалий ишлар бир мунча реаллашди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳузурида афғон халқининг дарду ташвишини тинглайдиган, доимий фаолият кўрсатадиган қўмита ташкил этиш бўйича таклиф дадиллик ва ўзига хос журъат билан айтилди.

Шунингдек, Оролбўйи минтақасини экологик инновация ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиш ҳақида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг махсус резолюциясини қабул қилиш зарурати билан билдирган таклифлари ҳам моҳият эътибори билан долзарб ва муҳим.

Айниқса, ушбу муҳим ҳужжат тасдиқланган санани Халқаро экологик тизимларни ҳимоя қилиш ва тиклаш куни сифатида нишонлаш борасидаги даъват ҳам кўпчиликка маъқул келди.

Қашшоқликни тугатиш ва камбағалликка қарши курашишни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси навбатдаги сессиясининг асосий мавзуларидан бири сифатида белгилаш ҳамда ушбу масалаларга бағишланган глобал саммитни ўтказиш ҳам кундалик масала сифатида кўндаланг турганини қайд этишлари ҳам ўзига хос жасорат бўлди.

Президентимиз нутқидаги мазкур таклифлар ҳам БМТга аъзо мамлакатлар ҳукумат доираларининг диққатини тортди. Қолаверса, бу нутқнинг энг муҳим қисмлари ҳамдир.

Бош котиб Антониу Гутерриш жанобларининг бугунги инқирозли вазиятда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашнинг долзарб муаммоларига бағишланган саммитни ўтказиш бўйича таклиф тўла маъқулланди. Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги БМТ конвенциясини қабул қилиш бўйича Ўзбекистон ташаббусини қўллаб-қувватлашга чақиришлари ҳам диққатга сазовор бўлди.

Барқарор тараққиёт мақсадларига эришиш ва инсон ҳуқуқларини таъминлашда парламентлар ролини ошириш тўғрисидаги БМТ Бош Ассамблеясининг махсус резолюциясини қабул қилиш, минтақавий қўшма режанинг 10 йиллик натижалари ва келгуси истиқболларига бағишланган халқаро конференцияни ўтказиш таклифлари моҳият эътибори билан аҳамиятли бўлди.

Айниқса, Президентимизнинг 2021 йилда ЮНЕСКО билан ҳамкорликда қадимий Хива шаҳрида “Марказий Осиё жаҳон цивилизациялари чорраҳасида” деган мавзуда халқаро форумни ўтказишга Ўзбекистон тайёрлигини эълон қилишларида нутқни айрича завқ ва диққат билан тинглаётган иштирокчиларнинг аксариятида юртимизга ташриф буюриш истаги пайдо бўлган бўлса, ажаб эмас.

БМТга аъзо 193 та давлатдан фақат айримларигина яъни, мавқеи юксак мамлакатларнинг раҳбарлари сўзга чиққани ва улар орасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳам борлиги барчамизда фахр-ифтихор туйғуларини уйғотгани рост. Муҳими, мақоламиз аввалида таъкидлаганимиздек, доимий ҳаракат ва фаолият мезони бўлган ташаббускорлик ва ташкилотчилик фазилатлари билан ажралиб турадиган Президентимиз нутқидаги мамлакатлар манфаати, уларни ўйлантираётган муаммоларга ечим борасидаги аниқ таклиф ва тавсиялар жаҳон афкор оммасининг диққат марказида бўлгани ва маъқуллангани бежиз эмас. Айни дамда Ўзбекистон жаҳоннинг барча мамлакатлари билан кенг кўламли ва ўзаро манфаатли шерикликни, БМТ ва унинг институтлари билан амалий мулоқотни ривожлантириш учун доимо тайёр ва ишончли, садоқатли ҳамкор бўла олиши мумкинлигини жаҳон афкор оммаси, халқаро ҳамжамият давлат раҳбарининг мулоҳазакорлиги, оқилона ва одилона сиёсат юритишидан ҳис этди, дейиш мумкин. Узоқни кўзловчи стратег сифатида нотиқлик санъатининг сиёсий-ижтимоий, академик нотиқлик турларига хос бўлган барча талаб ва қоидалар уларнинг чиқишларида тўла намоён бўлди. Стратегик мақсадни амалга оширувчи тактик восита, таъсирчан механизм бу ўзбек тилида қилинган нутқнинг имкониятларидир. Бугунги технология қайси тилда бўлмасин, олтита дунёвий тилга бир зумда ўгириб етказиш имкониятига эга. Тил тактикаси тараққиёт стратегиясининг таъсирчан ва инновацион механизми экани Президентимиз нутқи мисолида яна бир бор ўз бўйини кўрсатди.

Президентнинг жаҳоннинг Олий минбаридан туриб қилган нутқи ўзининг композицион қурилиши, масала ва таклифларнинг қўйилишидаги мантиқий изчиллик, долзарб муаммоларнинг кўтарилгани билан характерланади. Кўтарилган муаммо ва таклифларни 16 дақиқага жойлашнинг ўзи ҳам етук тажриба ва маҳорат белгиси.

Муҳими, Президентимиз ўзбек тилида нутқ ирод қилар эканлар, халқимиз табиатига хос бўлган бағрикенглик ва меҳридарёликни, ваъдага вафодорлик, оқибатлилик, дўстона қадр-қиммат, ҳамжиҳатлик ва адолатпарварлик хислатларини намоён этдилар. Нотиқ, нутқ, мантиқ тушунчаларининг ўзаро уйғунлиги, фикрни баён этишдаги ўктамлик ва ишонч, овоз тембридаги ёқимлилик, тафаккур илдамлиги ва суръати, ўзбек тили имкониятларидан кенг фойдаланилгани, урғу, пауза ва интонация нутққа кўрк, руҳ ва мазмун бахш этгани аниқ. Ижтимоий тармоқларда тарқалган 40 йилдан бери тақдир тақозоси билан Америкада яшайдиган ўзбек йигитининг айтган ушбу фикрларида ҳам жон бор. «Президентнинг юксак минбар орқали ўзбек тилидаги жарангдор ва оҳангдор, ёқимли овози бизни руҳлантирибгина қолмай, балки, ўзимиз туғилиб ўсган юртимизга бизни олиб бориб келгандай бўлди. Шахсан мен овоз оҳангида келажакка ишончни, ўзбекона нафас ва ўктамликни сездим. Қизиқ жиҳати шундаки, ўзбек тилини умуман билмайдиган қўшним инглиз фуқароси ҳам мен билан бирга нутқни диққат билан кузатиб ўтиргач, “Браво!” дея бош бармоғини тикка қилди. Сўрасам, овоз оҳанги ва тиниқ талаффузга маҳлиё бўлганини айтди.»

Ўзбекнинг ўзлигини ўз она тилига бўлган меҳридан излаш ўринли экани исботланди. Давлатимиз раҳбарининг ўз она тилида сўзлашлари дунё халқлари тасаввури ва тафаккурида мамлакатимиз мустақиллигини ич-ичидан тан олиши ва қайта иқрор бўлишига боис бўлди. Туркияда чоп этиладиган «Жумҳурият» газетаси ўзининг 21 сентябрь сонида «Ўзбек тили БМТда» сарлавҳали мақоланинг эълон қилиши ҳам халқимиз ва юртбошимизга ҳурмати яна бир қадар ошганининг кафолатидир. «Президент Шавкат Мирзиёев БМТнинг Бош ассамблеясида ҳамкорлик марралари, умидлари ва мамлакатнинг тинчликпарвар мақсадларини илк бор Навоий тилида дунёга хитоб қилади», – дейилади ўша матбаа нашрида. Ўзлигимиз ва сўзлигимизга эътиборимиз ўзга халқларнинг ҳам хурсандчилигига сабаб бўлдими, демак, бу улар билан турли соҳалар бўйича муносабатларимизга мустаҳкам ишонч кўприги ўрнатилди деганидир.

Зероки, Президентимизнинг миллатимиз руҳи ва кўрки бўлган давлат тили ҳақидаги бир қадар ислоҳотлари, ўзбек тилининг нуфузи ва мавқеини оширишга хизмат қилгани қувонарлидир. Олий минбардан дунё мамлакатлари ва ватанимиз манфаатларидан келиб чиққан ҳолдаги нутқлари давлат тилининг ўрни борасида қилаётган хайрли ҳаракатларининг амалий ифодаси бўлди. Қолаверса, ўзлигини англаган, жаҳонга юз тутган, жаҳон таниган ва тан олган мамлакатимиз чинакам маънода «Учинчи ренессанс» даврига қутлуғ қадамини қўйганининг нишонаси ҳам бу.

Раҳимбой ЖУМАНИЁЗОВ,
Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини 
механизациялаш муҳандислари институти 
матбуот хизмати раҳбари

 

ЎзА