Марказий Осиё раҳбарлари қандай масалаларни кўтарди?

БМТ Бош Ассмблеясининг 75-юбилей сессияси қизғин муҳокамаю мунозараларга бой ўтмоқда. Видеоконференция шаклида ташкил этилган тадбирда давлат ва ҳукумат раҳбарлари, ташқи ишлар вазирлари нутқ сўзлаб, у ёки бу масалаларга нисбатан ўз таклиф ва ташаббусларини билдирмоқда. 
Марказий Осиёнинг қўшни давлатлари – Қозоғистон, Туркманистон, Тожикистон ва Қирғизистон раҳбарлари ҳам ўз мурожаатларида асосан пандемия оқибатлари, иқтисодий зарар ҳамда экологик муаммоларга эътибор қаратди.
Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев 23 сентябрь куни сўзлаган нутқида пандемия даври ва оқибатлари, озиқ-овқат таъминоти, хавфсизлик ва халқаро ҳамкорликни кенгайтириш заруратига алоҳида тўхталди. Тоқаевнинг таъкидлашича, пандемия инсоният ва халқаро тизим учун мисли кўрилмаган имтиҳон бўлди. Ҳозиргача етган зарарга қараб, у дунё аҳли синовлардан ўтишда қийналмоқда, дея хулоса қилди.
“COVID-19 бизнинг хато ва камчиликларимизни очиб ташлади. Инқирозга нисбатан глобал ҳамкорлик йўлга қўйилмади. Савдо ва сиёсат билан боғлиқ иллатлар, хусусан, протекционизм ва миллатчилик айримларга кўра, “глобал дисфункция”га етаклади, – дейди Токаев. Ўзаро ишонч етишмаслиги, халқаро ҳамкорлик нима эканини англамаслик, савдо урушлари ва чекловлар дунё тараққиёти йўлида тўсиқ”.
2019 йилда президентликка келган Тоқаев жаҳонни урушларнинг олдини олиш учун етарлича ҳаракат қилмаётганликда танқид қилди.
“Пандемия халқаро шартлар ва меъёрларни янгилаши керак. БМТ агентликлари қанчалик меҳнат қилмасин, кам. Чунки аъзо давлатлар коронавирусга қарши чора кўришда, соғлиқни сақлаш билан боғлиқ масалаларда, озиқ-овқат хавфсизлиги, вакцина ва дори-дармон таъминотида якдил эмас. Қозоғистон озиқ-овқат захиралари бўйича янги ташаббусларга етакчилик қилишга тайёр. Инқироздан жабр кўрган қатламларга инсонпарварлик ёрдамини ошириш зарур”, – дейди Тоқаев.
Қозоғистон ҳар йили БМТда ядровий қуролсизланиш ва атом чиқиндиларидан қутулиш масаласини кўтаради. Бу сафар ҳам шундай бўлди. “Мамлакат бу борадаги сай-ҳаракатларини давом эттиради ва устувор мақсадлар қаторида иқлимдаги салбий ўзгаришларга қарши кураш ҳам бор. Терроризм ва қорадори савдосига нисбатан кескин чоралар кўришда давлатлар бирга ишлашга мажбур ва бу ҳам осон кечмаяпти”, – дейди Тоқаев.
Қозоғистон раҳбари Марказий Осиёда сув билан боғлиқ масалаларни ҳамжиҳатликда ҳал этиш, қўшнилар минтақа аҳолиси келажагини ўйлаган ҳолда қарорлар қабул қилиши кераклиги, табиий бойликлар аяб ишлатиши лозимлиги ҳақида гапирди.
Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон БМТ Бош Ассамблеясига бу сафар ҳам ўз она тилида мурожаат қилди. Раҳмон 2015 ва 2017 йилларда Нью-Йоркка ташриф буюриб, БМТ сессияларида тожикча нутқ сўзлаган. У ҳам пандемия оқибатлари, мамлакати кўрган зарар ва давлатнинг халқаро майдондаги мақсадлари хусусида тўхталди. Расман Тожикистонда ҳозиргача 10 мингга яқин одам вирус юқтирган. Касалликдан ўлганлар 80 нафарга яқин, тузалганлар эса 8000 дан ортиқ.
“Биз коронавирусга қарши қўлдан келганча чора кўраяпмиз. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти билан ҳамкорликда ишлаяпмиз. Дори-дармон ва тиббий воситалар билан таъминлаш – асосий вазифа”, – деди Э.Раҳмон.
Унинг қайд этишича, пандемия Тожикистонга улкан зарар келтирди, жумладан, сармоя оқими камайди, иқтисодиёт сустлашди. “Биз тоғли, денгизлардан узоқ мамлакатмиз. Ривожланиш суръати коронавирус таъсирида секинлашди, – дейди Тожикистон раҳбари. Барқарорлик ва ҳар жиҳатдан хавфсизлик бўлмаган жойда бирор соҳада олдинга силжиш қийин. Пандемия шундай хавфки, у ҳар бир йўналишга тўсиқ қўймоқда”.
Раҳмон ҳам қорадори савдосига қарши кураш заруратини эслатди. БМТ тегишли идоралари ва дастурлари, ҳужжатлари ва конвенциялари доирасида илдамроқ ҳаракат қилиши зарурлиги тилга олинди.
Унинг фикрича, БМТ Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ҳамда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти сингари органлар билан ҳам яқиндан ишлаши лозим.
“БМТ муаммоларнинг олдини оладиган ташкилот бўлиши керак”, –дейди Эмомали Раҳмон. Бу борада унинг айтганлари БМТга нисбатан азалдан янграб келадиган танқидга яқин, яъни жаҳонда тинчлик, фаровонлик, эркинлик ва адолатни таъминлаш учун БМТ ҳар қандай масалага нисбатан у муаммога айланмасдан олдин чора кўришни одат қилиши лозим. Бироқ БМТ агентликлари ва мутасаддилари фаолият аввало аъзо давлатларга боғлиқ экани, ҳар қандай чора самара бериши учун ҳукуматлар кучли ирода билан ёндашиши кераклигини айтади.
Тожикистон Президенти Афғонистон борасида ҳам узоқ йиллардан бери айтиб келадиган сўзларини такрорлади: бу мамлакат тақдирини афғонларнинг ўзлари келишган ҳолда ҳал этиши керак. Музокара орқали муроса қилиниши ва келажакни улар белгилаши лозим. Тожикистон электр таъминоти учун шароит яратиш ва чегара ҳудудларида аҳолига ғамхўрлик қилишда қўшни давлатга имкон қадар мадад кўрсатмоқда.
Тожикистон ҳудудининг 93 фоизи тоғлардан иборат. Ўтган йилларда мамлакатда умумий ҳарорат 1 даражага ошди. Иқлимдаги салбий ўзгаришлар мамлакат ҳаётига ва барча жабҳаларга хавф солмоқда, – дейди Раҳмон БМТга мурожаатида. Доимий музликлар эримоқда. Табиий офатлар, жумладан, тошқинлар кўпайган.
Унинг таъкидлашича, иқлимдаги ўзгаришларга нисбатан глобал чораларни кучайтириш зарур. Тожикистон бу борада халқаро қувватловсиз ҳаракат қила олмайди. Эмомали Раҳмон музликларни асраш учун халқаро фонд ташкил этиш ташаббусини илгари сурди. “Тожикистон илгари сув билан боғлиқ масалаларда ҳам қатор таклифлар билан чиққан. Айримлари амалга оширилмоқда, – дейди Президент, лекин бу чораларнинг ўзи етмаяпти. Лойиҳалар кенгайиши, кўпроқ сармоя қилиниши ва кенгроқ миқёсда тажриба ва ғоялар алмашиниши керак”.
Тўғри, республика ҳеч қачон сув танқислигидан қийналмаган. Муаммо сув манбаларининг бошқаруви, ичимлик сув сифати ва таъминоти ҳамда сувдан қувват манбаи сифатида фойдаланиш билан боғлиқ масалаларда.
Туркманистон раҳбари Гурбангули Бердимуҳамедов БМТ Бош Ассамблеясига мурожаатида дунё аҳлига ҳамдардлик билдирди. Шифокорлар, тиббий ходимлар, кўнгиллилар, умуман, пандемия билан ҳар куни юзма-юз курашаётган инсонларга тасанно, – дейди Бердимуҳамедов. “Тилагимиз, глобал ҳаракатлар самара бериб, инсонлар ҳаёти сақлаб қолинади ва инсоният бу пандемиядан халос бўлади”.
Бердимуҳамедовнинг айтишича, мамлакат муаммога қарши вақтида комплекс чора-тадбирлар кўрди ва халқаро ҳамжамият билан бу борада яқиндан ишлади, жумладан, БМТ органлари билан. БМТга қулоқ тутган ҳолда давлат юқумли касалликларга қарши дастур ишлаб чиқди. Жорий йилнинг март ойидаёқ берилган тавсияларга амал қилинди.
Унинг фикрича, пандемиядан чиқиш учун дунё тўрт йўналишга эътиборни ошириши керак: энергия, транспорт, ишлаб чиқариш ва савдо. Туркманистон бу соҳаларда БМТ аъзолари билан ишлашга тайёр.
Туркманистон Президенти Оролбўйи ҳудудидаги вазиятни ҳам эътибордан қочирмасликка чақирди. Минтақа аҳолиси узоқ йиллардан бери денгиз қуриши натижасида вужудга келган экологик муаммолардан азият чекиб келмоқда. Бу масалаларни халқаро ёрдамсиз ҳал қилиш қийин. Бердимуҳамедов унинг давлати ҳар қандай можарога қарши эканини қайд этиб, БМТ нимаики зиддият бўлса, ўз вақтида тинч йўл билан ҳал этиши лозим эканига урғу берди.
Қирғизистон раҳбари Сооранбай Жеенбеков 21 сентабрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг 75-йиллик сессиясида нутқ сўзлар экан, коронавирус пандемияси унинг юртига улкан зарар етказганини таъкидлади. Ижтимоий ҳаёт ва иқтисодиёт издан чиқди, кичик ва ўрта бизнеслар зарбага учради. Ташқи қарз ошди, уни тўлашга давлатнинг қурби етмай қолди. Қирғизистон халқаро ташкилотлар бериб келаётган ёрдамдан миннатдор, – дейди у.
“Коронавирус оқибатлари ташқи қарзимиз билан боғлиқ муаммоларга туртки берди. Катта йигирмалик ва халқаро молиявий институтларга масалани тушуниб, қарз тўлашни тўхтатиб туришгани учун раҳмат айтамиз”. Бишкек ташқи қарзи ҳозир 4 миллиард доллар атрофида. Аҳолиси 6,5 миллионга яқин давлатнинг йиллик ялпи миллий маҳсулоти 26-29 миллиард доллар орасида. Жеенбеков, шунингдек, БМТ аъзолари тараққиёт лойиҳалари ва ташқи қарз билан боғлиқ таклифларга очиқ эканидан ҳам мамнун. Қирғизистон БМТ тизимидаги ислоҳотларни қувватлайди. Жаҳон органи умумбашарий манфаатлар асосида самарали ишлаши ва кичик давлатлар дарди ҳам четда қолиб кетмаслиги лозим, – дейди Жеенбеков.
Қирғизистон БМТ Хавфсизлик Кенгашига кирмоқчи, вақтинчалик аъзо сифатида. “Инсон ҳуқуқлари, қонун устуворлиги ва демократия биз учун жуда муҳим”, – дейди президент. Мамлакат БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашига ҳам аъзо бўлиш илинжида. Қирғизистон олдин ҳам унга аъзо бўлган. Экология, тоғли ҳудудларни ривожлантириш, маданий меросни асраш каби йўналишларда Қирғизистон БМТнинг тегишли органлари билан яқиндан ишлашни хоҳлайди. Бишкек Марказий Осиёда бирдамлик ва ҳамжиҳатлик тарафдори. Республика ҳамкорлар, стратегик иттифоқчи ва шериклар билан минтақавий ва глобал мақсадлар йўлида бир ёқадан бош чиқаришга шай.

 

Абдували Сойибназаров,ЎзА