Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, шунингдек, жамоат ташкилотлари вакилларидан иборат Республика ишчи гуруҳи аъзолари Қорақалпоғистон Республикаси Тахиатош, Нукус, Хўжайли ва Кегайли туманлари фермер хўжаликлари пахта далаларида бўлиб, карантин қоидаларига риоя этган ҳолда ўрганиш ишларини олиб борди.
Тахиатош нафақат саноати, балки, қишлоқ хўжалиги соҳаси ривожланган туманлардан биридир. Мазкур туманда ҳозирги кунда 74 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилиб, уларнинг 30 фоиздан ортиғи қишлоқ жойларида яшайди. Шу сабабли, теримчиларнинг кўпчилиги шаҳардан келади. Тумандаги кластер томонидан теримчиларга автобуслар қатнови йўлга қўйилган. Ҳозирги кунга қадар туманда 3 минг тоннадан ортиқ пахта хом-ашёси териб олинди.
Теримчиларни қўллаб-қувватлаш мақсадида туманда энг кўп пахта терувчилар ўртасида мусобақа ташкил этилган. Ғолибларга телевизор, микротўлқинли печ, сув иситгич ва ҳар бир иштирокчига пахта пулларидан ташқари 50 минг сўмдан мукофот пуллари топширилмоқда. Ҳозирги кунда иккинчи терим давом этаётган бўлиб, теримчиларга пахта хом-ашёсининг ҳар бир килограмми учун 1400 сўмдан, ҳар беш кундан кечиктирмасдан пуллари ўз вақтида тўлаб берилмоқда.Теримчиларнинг маданий ҳордиқ чиқариши учун ташаббускор ёшлар томонидан ҳар куни тушлик пайтида концерт дастурлари ташкил этилиши йўлга қўйилган.
Ишчи гуруҳ вакиллари тумандаги «Мустақиллик», «Қувонч», «Худайберди Ражапбай» фермер хўжаликларининг пахта далаларида бўлиб, теримчилар билан суҳбатлашди. Йиғим-терим ишлари санитария ва гигиена қоидаларига риоя қилган ҳолда ташкил этилгани теримда иштирок этаётганлар учун муносиб меҳнат ва дам олиш шароити яратилганига гувоҳ бўлди.
Азалий деҳқонлар юрти бўлмиш Нукус туманида бу йилги пахта теримида 1200 нафар уюшмаган аҳоли ва Нукус шаҳридан 800 нафар теримчи иштирок этмоқда. Туманда пахта етиштиришга ихтисослашган 115 фермер хўжалиги бўлиб, уларда жами 24 отряд ташкил этилган. Теримчилар учун муносиб меҳнат ва дам олиш шароитлари яратилган бўлиб, барча ишлар санитария ва гигиена қоидаларига риоя қилган ҳолда ташкиллаштирилган. Терим пуллари ҳар беш кундан тўлаб берилмоқда.
–“Қутанкўл” овули ҳудудидаги “Ӱразгул-Абат” фермер хўжалиги даласида пахта теряпмиз, – дейди илғор теримчилардан бири Байрамгул Гулманова. – Ҳамма шароитлар мавжуд. Пулларимизни ҳар беш кундан бериб туришибди. Кунига 150-210 килограммгача пахта теряпмиз. Пандемия шароитида бу биз учун қўшимча даромади манбаига айланди.
Ишчи гуруҳ аъзолари шунингдек, туманнинг “Ақманғит” овулидаги “Рисқ Насиба”, “Шӱртанбай” овулидаги “Мақсим ӱй” ҳамда “Қонис Ботир” фермер хўжаликларида пахта тераётган теримчилар билан суҳбатлар олиб борди. Илғор теримчиларга совғалар топширилди.
Хўжайли туманидаги “Жангабай Жаулан”, “Бакиев Ўткир”, “Джумаш ота”, “Ободонлаштириш” ва “Тангатаров Сахий” фермер хўжаликлари далаларида мўл ҳосилни йиғиб-териб олиш ишлари билан банд бўлган теримчиларга меҳнат ва дам олиш учун яратилган шароитлар кӱздан кечирилди. Бугунгидек пандемия даврида терим ишларининг санитария-эпидемиология нормаларига амал қилинган ҳолда ташкил этилиши, теримчилар билан меҳнат шартномаларнинг тузилиши, терим пулларининг ўз вақтида тўланиши ҳамда дала бошида иссиқ овқат ва ичимлик суви билан таъминланиш ҳолатларини ўрганилди.
Ҳар куни 110-130 килограммгача пахта териб келаётган илғор теримчилардан А.Жумамбетова, А.Пирниязова, С.Алимова, М.Турғанбаевларга совғалар топширилди.
Ишчи гуруҳ аъзолари, шунингдек, Кегайли туманига ҳам ташриф буюриб, “Жузимбоғ”, “Қумшунгил”, “Дӱстлик”, “Қипчоқ” овул фуқаролар йиғинларидаги бир қатор фермер хўжаликларида бўлиб, теримчилар билан суҳбатлашди.
– Терим пулларидан ҳеч қандай муаммо йўқ. Ҳар беш кунда олиб турибмиз, – дейди теримчи Гулсанем Қабулова. – Меҳнат шартномалари тузилган. Ҳар куни 120-130 килограммгача пахта тераман. Фермер дала бошида иссиқ овқат ва ичимлик сувлари билан таъминлаб қўйибди.
Тумандаги ташаббускор, қобилиятли ёшлар томонидан дала бошида теримчиларга маданий-кўнгилочар тадбирлар мунтазам ташкил этилмоқда. Ичши гуруҳ аъзолари илғор теримчиларга совғалар топширди.
Ўрганиш ишлари Оролбӱйи туманлари бўйлаб давом этмоқда.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА