Ўзбекистонда COVID-19га қарши вакциналар клиник синовини ўтказиш таклиф қилинди

Ўзбекистонда Хитой компанияларидан COVID-19га қарши вакциналар клиник синовларининг учинчи босқичини биргаликда амалга ошириш бўйича таклифлар олинди.
Бугунги кунда дунё бўйича коронавирус инфекциясига қарши вакцинани ишлаб чиқиш бўйича фаол ҳаракатлар олиб борилмоқда. Ҳозир жаҳонда 25 та вакцина клиник, 139 таси эса клиникагача бўлган синовда бўлиб, дунё бўйича Буюк Британия, АҚШ, Германия, Хитой, Россия каби давлатларда ишлаб чиқарилган 9 та вакцинанинг охирги (учинчи) босқич синовлари ўтказилмоқда.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими тақдим қилган маълумотларга кўра, Хитой Халқ Республикаси компанияларидан вакциналар клиник синовларининг учинчи босқичини Ўзбекистонда биргаликда амалга ошириш бўйича таклифлар олинди. Шу жумладан, юртимизда Хитойнинг “Sinopharm” компаниясининг ваколатли корхонаси (“Yilin International Commerce” МЧЖ) билан, Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан “Zhifei Longcom” компанияси билан келишувлар имзоланди. Бундан ташқари, Россия Федерациясида ишлаб чиқарилаётган “Спутник-V” вакцинасининг 5 минг дозасини Ўзбекистон Республикасига ажратиш юзасидан Россиянинг тўғридан-тўғри инвестициялар жамғармасига мурожаат қилинди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг “COVAX” (коронавирусга қарши вакциналаш) халқаро механизмига қўшилган. Агар вакцина муваффаққиятли ишлаб чиқилган бўлса, “COVAX” механизмида иштирок этадиган мамлакатлар аҳолисининг йигирма фоизини эмлаш учун етарли вакцина таъминотига кафолатланган дастлабки кириш имкониятдан фойдаланилади. Шунингдек, ушбу дастурнинг асосий мақсади — янги вакциналарни яратиш ва синовдан ўтказиш бўйича илмий тадқиқотлар ҳамда уларни оммавий ишлаб чиқаришга тайёргарликни қўллаб-қувватлашдир.
Яна бир муҳим масала — вакциналарни мамлакатимизда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш. Мазкур масала ҳам олимларимиз ва фармацевтика соҳаси ишлаб чиқарувчилари томонидан кўриб чиқилмоқда. Бу ҳолатда вакциналар импортга боғлиқ бўлмайди. Уларни экспорт қилиш орқали қўшни давлатларга ҳам ёрдам бериш имкони яратилади. Бу ўз навбатида, минтақада “COVID-19”га нисбатан эпидемиологик барқарорликка эришиш жараёнини таъминлайди.

 

ЎзА