Парламент ва жамоат ташкилотлари аъзоларидан иборат ишчи гуруҳ бугун республикамизнинг Шўманай ва Чимбой туманларида бўлди.

 

Шўманай туманидаги «Бегжап», «Бирлешик», «Мамий», «Қарабайли», «Ағжап» овул фуқаролар йиғинларидаги бир қатор фермер хўжаликларида ҳолатларни ўрганган ишчи гуруҳ аъзолари туманда пахта йиғим-терими мавсуми юқори ташкилотчилик билан олиб борилаётганлигига гувоҳ бўлишди.

Қорақалпоғистоннинг  бир қатор туманлари қаторида Шўманайда биринчилардан бўлиб пахта хом-ашёсининг ҳар бир килограмми учун биринчи теримда 1200 сумдан тўлаш йўлга қўйилган. Пахта далалари бошида иссиқ овқат, ичимлик суви, овқатланиш учун махсус жойлар билан таъминланган. Туман маданият бўлими ташаббуси билан ҳар куни фермер хўжаликлари далаларида меҳнат қилаётган теримчилар учун концерт дастурлари ташкил этилмоқда.

– Тумандаги ишсиз хотин-қизлар мавсумий иш билан банд. Терим пулларини ҳар куни бериб турибди. Килограммига 1200 сўмдан беришяпти. Кеча 130 килограмм пахта тердим. Бугун ҳам шунга яраша меҳнат қиляпмиз. Фермер хўжалиги раҳбаридан миннатдормиз, – дейди «Қарабайли инвест» фермер хўжалигида шартнома асосида теримчилик қилаётган Сапаргул Турсинбаева.

 

Туман мутасаддилари ва ишчи гуруҳ аъзолари илғор теримчиларга совғалар топширди.

 

Республика ишчи гуруҳи аъзолари Чимбой туманига ҳам ташриф буюрди ва бу ерда теримчилар учун яратилган шароитлар билан танишиб, улар билан суҳбатлашди.

«Жақсилиқ», «Абдижамал баба», «Байнияз Қидирниязов» фермер хўжаликлари далаларида пахта тераётган теримчилар билан суҳбатда терим мавсуми бошлангандан буён ҳар куни санитария ходимлари теримчиларни тиббий кўрикдан ўтказиб турганлиги, зарур бўлган барча шароитлар яратилганлигини таъкидлашди.

 

– Терим пулларидан ҳеч қандай муаммо йўқ. Пулларимизни вақтида оляпмиз. Меҳнат шартномалари тузилган. Ҳар куни 130150 килограмм пахта тераман. Фермеримиз дала бошида иссиқ овқат ва ичимлик суви билан таъминлаб қўйибди, – дейди илғор теримчилардан бири А.Халмуратова.

Илғор теримчилар мутасаддилар томонидан совғалар билан тақдирланди.

 

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги.