Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 75 сессиясида сўзлаган нутқини катта эътибор ва диққат билан тингладим. Шундай тарихий кунларда яшаб, Ватанимиз солномаларига зарҳал ҳарфлар билан битилиб қоладиган лаҳзаларига гувоҳ бўлаётганимдан кўнглимда фахр ва ифтихор туйғулари жўш урди. Негаки, Давлатимиз раҳбарининг бу улуғ минбардан сўзлаган маърузасини бутун жаҳон аҳли ўзбек тилида тинглади.

Маърузада изчиллик билан илгари сурилган пандемия даврида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, Ёшлар сиёсати, Марказий Осиё давлатлари билан ҳамкорлик, глобал иқлим ўзгариши ва Орол муаммоси, жаҳонда қашшоқликка қарши курашиш сингари глобал масалалар Ассамблея қатнашчилари томонидан кўтаринкилик ва катта эътибор билан қабул қилинди.

Айниқса, Президентимизнинг Афғонистонда тинчлик ва барқарорликни ўрнатиш масалалари Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг доимий эътибор марказида бўлиб қолиши зарурлиги тўғрисидаги фикрлари катта аҳамиятга эгадир.

Бу борада деди, Президентимиз,– «Беқарор ва вайронкор вазиятдан — тинчлик ва бунёдкорлик сари» деган тамойил асосида иш олиб бориш муҳимдир. Шу боисдан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳузурида Афғон халқининг дарду ташвишини тинглайдиган, доимий фаолият кўрсатадиган қўмита ташкил этиш лозим. Ушбу қўмитанинг асосий вазифаси Афғонистоннинг иқтисодий ва ижтимоий ривожланишига кўмак беришдан иборат бўлиши зарур».

Бу таклиф албатта Халқаро ҳамжамият томонидан қўллаб-қувватланди. Зеро ўзаро ҳамкорлик, дўстлик, биродарлик мамлакатлар равнақининг асосий мезонидир.

Маърузани қайта-қайта ўқиб, танишар эканман, 2017 йил сентябрда Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтган БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида ҳам давлатимиз раҳбари қатор муҳим таклиф ва ташаббусларни илгари сургани ва уларнинг деярли барчаси бугунги кунда амалиётга татбиқ этилгани ва этилаётгани тўғрисида ўйладим. Ўшанда Президентимиз Орол денгизи харитаси билан бутун дунё аҳлини таништирган эди. Орол муаммоси БМТ Ассамблеясининг 75 сессиясидаги маърузасидан ҳам кенг ўрин олди.

Давлатимиз раҳбари Оролбўйи ҳудуди экологик фожианинг марказига айлангани, унинг оқибатларини бартараф қилиш учун давлатимиз ҳамда Халқаро ҳамжамият томонидан амалга оширилган ишлар тўғрисида айтиб ўтди. Шунингдек, бу борадаги ишларни янада кучайтириш мақсадида Оролбўйи минтақасини экологик инновация ва технологиялар ҳудуди, деб эълон қилиш ҳақида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг махсус резолюциясини қабул қилишни ҳамда ушбу муҳим ҳужжат тасдиқланган санани эса Халқаро экологик тизимларни ҳимоя қилиш ва тиклаш куни сифатида нишонлашни таклиф этди.

Президентимиз ишонч билан таъкидлаган бу қимматли таклиф ва тавсиялар асло изсиз кетмаслигига ишонамиз. Негаки, БМТнинг 72 сессиясида ўртага ташланган барча таклифлар, белгиланган вазифалар бугунги кунда изчиллик билан амалга оширилмоқда.

Айниқса, Орол денгизи инқирозларини бартараф этиш бўйича давлатимиз раҳбари белгилаб берган барча вазифаларнинг амалга оширилаётгани ва Орол денгизи ҳудудида 5,5 миллион гектардан ортиқ саҳрони «Саҳро марвариди»га айлантириш учун олиб борилаётган амалий ишлар диққатга сазовордир. Устюрт кенгликлари, Оролқум ўрнида барпо этилаётган ўрмонзорларга жайрон ва бошқа ҳайвонот оламининг ноёб жониворлари, Учсой, Судочье ва бошқа кўллар устида узоқ ўлкалардан қайтиб келган чағалай ва бошқа қушлар экологик вазият изга тушаётганидан далолат беради. Мўйноқ тумани эса янгидан туғилди. Янгиланган кўча, уй, иншоотлар, кенг ва равон йўллар, келажакда бу маконнинг янада гуллаб яшнашидан дарак бермоқда.

Аҳолининг муносиб турмуш шароитини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга бўлган сув таъминоти ва канализация объектлари, ижтимоий соҳа, маданият ҳамда спорт иншоотлари барпо қилинди. Йўл-транспорт объектлари ва сервис хизматлари замон талаблари даражасида ишламоқда.

Айниқса, геология-қидирув ишлари, аҳолининг ижтимоий ҳаётида алоҳида аҳамиятга эга бўлган соғлиқни сақлаш, таълим, маданият, ижтимоий хизмат кўрсатиш, ахборот-коммуникация технологиялари ва бошқа соҳалардаги ихтисосликлар бўйича малакали мутахассислар етиштириш масалалари ҳам босқичма-босқич ҳал қилинмоқда.

Булар тўғрисида жуда кўп маълумотлар келтириш мумкин. Энг асосийси давлатимиз раҳбарининг БМТнинг 75 Ассамблеясидаги маърузасида яна бир марта Орол инқирози оқибатларини тўла бартараф этилишига имкониятлар яратилаётганининг қайд этилиши экологик муаммоларга жаҳон аҳлининг диққат эътибори янада кенгроқ жалб қилинаётганлигининг исботидир.

Равон транспорт йўллари, ўз аэропорти, барча ижтимоий имкониятлари билан Мўйноқ дунё туристларини ўз бағрига чорлаб турибди.

Албатта, давлатимиз раҳбари БМТ минбаридан глобал аҳамиятга эга яна бир қатор кўплаб таклиф ва ташаббусларни билдирди. Мазкур ташаббуслар тез орада амалга ошишига ишончимиз комил. Зеро, Ўзбекистоннинг бугунги кундаги мавқеи ҳамда роли нафақат минтақада, балки бутун дунёда ошиб бормоқда ва тобора глобал масалаларни ҳал этишда фаол иштирок этмоқда.

Гулистон АННАҚИЛИЧЕВА,

Олий Мажлис Сенати аъзоси.

 

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги