Пандемия даврида ҳам кадрлар тайёрлаш масаласи эътибордан четда қолгани йўқ

Ўзбекистон Миллий матбуот марказида “Эл-юрт умиди” жамғармаси: хорижда таълим олиш дастурлари ва ватандошлар билан мулоқотлар” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Президентимизнинг 2018 йил 25 сентябрдаги фармони билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот қилиш бўйича “Эл-юрт умиди” жамғармаси ташкил этилганига 2 йил тўлди. Хорижий таълим муассасаларида мамлакатимиз учун мутахассислар тайёрлаш, хорижда яшаётган илмий салоҳиятга эга ватандошларимиз билан ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш мазкур жамғарманинг асосий вазифаси этиб белгиланган эди.
Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги қошидаги “Эл-юрт умиди” жамғармаси томонидан ташкил этилган анжаманда “Эл-юрт умиди” жамғармаси фаолияти тўғрисида маълумот берилди.
Қайд этилганидек, ўтган давр мобайнида 985 нафар иқтидорли ва истиқболли ёшларимиз “Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендиати деган мақомга эга бўлиб, уларнинг 900 нафардан ортиғи АҚШ, Буюк Британия, Германия, Франция, Япония, Канада, Италия, Испания, Жанубий Корея, Хитой, Россия каби 30 дан ортиқ энг илғор мамлакатларнинг 200 дан зиёд университетлари, илмий марказлари ва нуфузли компанияларида таълим олишиб, бугунги кунда таълим, илмий тадқиқотлар, соғлиқни сақлаш, давлат ва хўжалик бошқаруви ҳамда иқтисодиётнинг турли соҳа ва тармоқларда самарали фаолият олиб бормоқда.
Тадбирда пандимия билан боғлиқ мураккаб шароитда ҳам давлатимиз раҳбарининг саъй-харакатлари билан замонавий кадрларни хорижда тайёрлаш масаласи эътибордан четда қолмаётганлиги алоҳида қайд этилди. Жумладан, 80 нафарга яқин стипендиатларимиз АҚШнинг Калифорния, Колумбия, Вашингтон, Буюк Британиянинг Кембриж, Германиянинг Гумболд университетларида, шунингдек, Швейцария, Испания, Италия, Жанубий Корея, Россия, Хитой ва бошқа илғор давлатларнинг нуфузли олийгоҳларида таълим олишни давом эттирмоқда.
“Эл-юрт умиди” жамғармаси битирувчилари томонидан олий таълим, илмий тадқиқотлар, соғлиқни сақлаш, давлат бошқаруви ва иқтисодиётнинг етакчи тармоқларига янги билим, кўникма ва инновацион ечимлар кириб келмоқда.
Жамғарманинг хорижда таълим олиш ва стажировка ўташ дастурлари танлов асосида ташкил этиладиган ва жамғарма томонидан молиялаштириладиган лойиҳалардан ташқари, хорижий ҳамкорлар грантлари асосида молиялаштириладиган дастурлар билан бойиб бормоқда.
– Ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларимиз кундан кунга кенгайиб бормоқда, – дейди “Эл-юрт умиди” жамғармаси директори Атҳам Бекмуродов. – АҚШ, Буюк Британия, Германия, Испания, Италия ва Австриялик ҳамкорларимиз жуда пухта тайёргарлик кўрган қатор стипендиатларимиз ўқиши ва стажировкаси учун 20 фоиздан 50 фоизгача чегирмалар, баъзи ҳолларда эса тўлиқ бепул ўқиш ёки стажировка ўташ шароитларини таклиф этмоқда. 2020 йилдан бошлаб хорижий ҳамкорларимизнинг сафи Австралия, Янги Зеландия, Сингапур каби илғор давлатлар билан кенгайди. Бугунги кунда хорижда истиқомат қилаётган катта илмий ва амалий тажрибага эга бўлган 6 минг нафардан зиёд ватандошлар маълумотлар базасини шакллантирган ҳолда уларни электрон реестрга жойлаштирдик. Мазкур электрон реестрдан вазирлик, идора ва ташкилотларнинг кадрлар билан ишлаш хизмати ватандошлар тўғрисидаги маълумотлардан фойдаланилиши йўлга қўйилган.
Матбуот анжуманида шунингдек, яқин кунларда жамғарма стипендияси танлови ўтказилиши, дастлабки квота 450 ўрин экани, давлат хизматчиларини интенсив равишда хорижий тилларга ўкитиш учун 200 ўрин ажратилганлиги маълум қилинди.

 

Шаҳноза МАМАТУРОПОВА, ЎзА