Боқувчисини йўқотганлик нафақаси кимга, қачон ва қай тартибда берилади?

Мазкур саволга Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси бўлим бошлиғи Алишер Расулов жавоб берди.
– Аҳолининг турли кўринишдаги ижтимоий ҳуқуқлари давлатнинг ижтимоий ҳимоя тизими томонидан таъминланади, – дейди А. Расулов. – Мазкур тизим фуқароларга меҳнат қобилиятини тўлиқ ёки қисман йўқотганда, боқувчисиз қолганда ижтимоий таъминланиш ҳуқуқини беради. Пенсия жамғармаси томонидан оила боқувчисидан ажралганда, давлат пенсиясини олиш ҳуқуқига эга бўлмаган шахснинг қарамоғида бўлган оиланинг меҳнатга лаёқатли бўлмаган аъзолари учун боқувчисини йўқотганлик нафақаси тайинланади.
Бугунги кунда 31 минг 440 оила боқувчисини йўқотганлик нафақасини оляпти. Боқувчисини йўқотганлик нафақаси вафот этган шахснинг фарзанди учун 18 ёшгача, вафот этганнинг эри, хотини учун умрбод тайинланади ва унинг миқдори вафот этганнинг оила аъзоларига вафот этган фуқаро олган ёки олиш ҳуқуқига эга бўлган нафақага фоиз нисбатидаги миқдорларда белгиланади.
Яъни, оиланинг уч ва ундан ортиқ меҳнатга лаёқатсиз аъзосига – нафақанинг 100 фоизи. Бу жорий йилнинг 1 сентябр ҳолатига кўра, 513 350 сўмни ташкил этади. Оиланинг меҳнатга лаёқатсиз икки аъзосига – нафақанинг 75 фоизи, меҳнатга лаёқатсиз бир аъзосига – нафақанинг 50 фоизи тўланади.
Боқувчисини йўқотганлик нафақасини олиш ҳуқуқига эга бўлган оила аъзоларининг барчасига юқорида келтирилган миқдорларда битта умумий нафақа тайинланади. Оила аъзосининг талабига кўра, унинг нафақадаги улуши ажратилади ва унга алоҳида тўланади. Бунда тайинланган нафақанинг умумий миқдори олувчиларнинг умумий сонига бўлинади.
Фуқаро ариза билан яшаш жойи бўйича Пенсия жамғармаси бўлимига ариза берувчининг ёшини тасдиқлайдиган ҳужжат (паспорт ёки туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома нусхаси), ёшга доир нафақа тайинлаш учун етарли иш стажига эга бўлмаган шахслар учун ёшга доир нафақа тайинлашда, «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 37-моддаси биринчи қисмининг «а», «б», «в» ва «г» бандларида назарда тутилган 7 йилдан кам иш стажига эга бўлганда — меҳнат дафтарчаси билан мурожаат қилади. Шунингдек, боқувчисини йўқотганлик нафақаси тайинлашда – боқувчининг вафот этганлиги тўғрисидаги гувоҳнома нусхаси ва боқувчисини йўқотган тақдирда нафақа олиш ҳуқуқига эга бўлган оила аъзоларининг туғилганлиги тўғрисидаги ҳужжатлар (паспорт ва ёки туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома) нусхаларини тақдим этади.
Ариза барча зарур ҳужжатлар билан тушган кундан бошлаб ўн кун ичида кўриб чиқилади. Агар ариза почта орқали жўнатилса ва бунда барча зарур ҳужжатлар тақдим этилган бўлса, у ҳолда ариза жўнатилган жойдаги почта штемпелида кўрсатилган сана нафақа тайинлаш учун мурожаат қилинган кун ҳисобланади.

 

ЎзА