Самара вилоятидан юртдошларимизни олиб келиш учун махсус автобус қатнови ташкил этилди

Транспорт вазирлиги Ахборот хизмати хабар беришича, Республика махсус комиссияси томонидан юртдошларимизни Россия Федерациясининг турли ҳудудларидан Ватанимизга олиб келиш бўйича тизимли ишлар давом эттирилмоқда. 
Хусусан, бугунги кунда ушбу жараённи янада тезлаштириш биринчи навбатда оғир аҳволда қолган фуқароларни имкон қадар тезроқ Ўзбекистонга олиб келиш мақсадида Россия Федерациясининг тегишли вазирлик ва идоралари билан олиб борилган музокаралар натижасида чартер рейслар сонини бир неча маротабага кўпайтиришга эришилди. Шу билан бирга, мамлакатнинг турли ҳудудларига мунтазам равишда махсус темир йўл қатновлари ҳам ташкил этилмоқда.
photo_2020-09-23_22-04-20.jpg

Республика махсус комиссияси, Транспорт вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, ДХХ Чегара қўшинлари, Ички ишлар вазирлиги, Ўзбекистоннинг Қозоғистон ва Россиядаги дипломатик ваколатхоналарининг саъй-ҳаракатлари билан айни дамда Ўзбекистонга қайтиш истагида бўлган Россия Федерациясининг Қозоғистон билан чегара олди ҳудуди – Самара вилоятида тўпланиб қолган фуқароларни Ватанга олиб келиш мақсадида махсус автобус қатнови ташкил этилди.

Мазкур автобус қатновлари Транспорт вазирлиги ҳузуридаги “Uzautotrans service” корхонаси томонидан амалга оширилади. Бугун 15 та автобусдан иборат илк карвон (калонна) Россиянинг Самара вилоятига йўлга чиқди. Ушбу қатнов барча санитария қоидалари ва Қозоғистон ҳамда Россия Федерацияси томонидан қўйилган талабларга қатъий амал қилган ҳолда бажарилмоқда.

photo_2020-09-23_22-04-24.jpg
Унга жалб этилган 40 нафар ҳайдовчининг барчаси йўлга чиқишдан аввал коронавирусга тест топширишди. Лаборатория таҳлили натижаларидан сўнг уларга тегишли маълумотнома берилди. Шундан сўнг, ташувлар хавфсизлигини таъминлаш ва қатнов давомида нималарга эътибор бериш лозимлиги юзасидан кўрсатмалар берилди.Режага мувофиқ, автобуслар 25 сентябрь куни белгиланган манзилга етиб боришади. Шу куннинг ўзида автобуслар 700 дан ортиқ йўловчини олиб, Ўзбекистон томон йўлга чиқади.

photo_2020-09-23_22-04-27.jpg

Шу ўринда ҳозирда Россия Федерациясининг турли ҳудудларидан Ўзбекистонга қайтиш истагида бўлган фуқаролардан оммавий равишда Россиянинг Қозоғистон билан чегара олди ҳудудларига тўпланмасликларини сўраб қоламиз.

Бу каби ҳолатлар ҳозирги қалтис эпидемиологик вазиятнинг янада мураккаблашувига, касаллик юқтириб олиш хавфининг ортиб кетишига ва энг ёмони, юртдошларимизни олиб келиш мақсадида катта қийинчиликлар билан амалга оширилаётган саъй-ҳаракатларнинг чекланишига сабаб бўлиши мумкин.

 

ЎзА