Аввало, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтаётган 75-сессиясидаги нутқини томоша қилишни сабрсизлик билан кутганимни таъкидламоқчиман.
Бош Ассамблеянинг бу йилги сессияси тарихий воқеадир.
Жорий йил Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ташкил топганига 75 йил бўлди. “Келажак авлодларни уруш фалокатларидан қутқариш” (БМТ низомидан иқтибос) учун асос солинган ташкилот 75 ёшга тўлди.
Бош Ассамблеянинг ушбу сессияси дунёдаги турли манбалардан бўлаётган бемисл таҳдидлар: жуғрофий-стратегик кескинликлар, экологик инқироз, шу кунларда эса COVID-19 пандемиясига дуч келиб турган пайтда бўлиб ўтмоқда. БМТ ушбу қутлуғ санани бутун дунёдаги миллиондан ортиқ инсонларни глобал муҳокамалар доирасида қамраб олиш, айниқса, ёш овозларга алоҳида эътибор қаратиш билан нишонлади.
Ўзбекистоннинг БМТ олдида олган мажбуриятларига қатъий содиқлиги тасдиғи сифатида 34 мингдан ортиқ ўзбекистонлик ушбу муҳокамаларда иштирок этди. Бундан ташқари, БМТ ташкил топганининг 75 йиллигига бағишлаб бутун мамлакат бўйлаб ўтказилган 33 та мулоқотда жамиятнинг барча қатламлари, жумладан, эҳтиёжмандлар орасидан 3 минг нафарга яқин киши қатнашди.
Улар келажак учун бир-бирига қўрқув ва умидлари ҳақида сўзлаб берди ҳамда бугунги муаммоларни ҳал этиш учун халқаро ҳамкорлик муҳим эканини қайта-қайта таъкидлади.
Дарҳақиқат, БМТнинг глобал миқёсда ўтказган сўровидан англашиладиган мессеж – айтилмоқчи бўлган гап шуки, айни пайтда кўп томонлама ёндашув ҳар қачонгидан муҳимдир.
Мен Ўзбекистон сингари мамлакатда БМТ номидан хизмат қилаётганимни шараф деб биламан. Ўзбекистон БМТга аъзо давлат сифатида ўз фаолиятини кенгайтириш ва кўп томонлама ёндашув принципларига содиқ бўлишга интилаётгани шубҳасиз.
Бугун Президент Ш.Мирзиёев халқаро ҳамжамият эътиборига ўзининг минтақавий ва глобал қарашларини тақдим этди ҳамда Ўзбекистоннинг сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий жиҳатдан модернизация қилиш йўлидаги бундан кейинги қадамлари қандай бўлиши ҳақида сўзлаб берди. У тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, барқарор тараққиётни таъминлаш, минтақавий ва глобал даражада конструктив мулоқотни жадаллаштириш, инсон ҳуқуқларига риоя этишни қўллаб-қувватлаш, бугунги кундаги муаммо ва таҳдидларни бартараф қилиш, жумладан, иқлим ўзгаришига қарши кураш (Орол денгизи қуриши сингари), озиқ-овқат хавфсизлигига эришиш ва қашшоқликни камайтиришга оид бир қанча ташаббусларни олға сурди.
Ўзбекистон ушбу соҳаларнинг барчасида БМТ оиласи билан ҳамкорлик қилмоқда.
Мен ҳукуматнинг ушбу масалаларни ҳал этишда кўп томонлама ёндашувлар тарафдори экани яқинда қабул қилинган ҳамда миллий, минтақавий ва глобал даражада Бирлашган Миллатлар Ташкилоти тизими билан ҳамкорлигини чуқурлаштириш ва мустаҳкамлаш мажбуриятини олган Ҳаракат Режасида ўз аксини топганидан хурсандман. Ушбу “Йўл харитаси” Ўзбекистон билан БМТ ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишига ишонаман.
Ҳукумат Миллий барқарор ривожланиш мақсадлари (БРМ) ва Ўзбекистоннинг мўлжал кўрсаткичларини қабул қилиш, кузатиб бориш ва олға силжитишда жиддий ўзгаришларга эришди. Ўзбекистоннинг жорий йил июлида БМТнинг олий мақом сиёсий форумига тақдим этган БРМ бўйича илк Ихтиёрий миллий ҳисоботи шу пайтгача эришилган олға силжишнинг, шунингдек, мамлакатнинг “Кун тартиби – 2030”ни амалга оширишда қатнашишини тавсифловчи иштирок ва маслаҳатлашувга асосланган ёндашувининг чин маънодаги исботи бўлди. Жорий йил баҳорида БРМ бўйича парламент икки палатаси вакилларидан иборат комиссия тузилгани бундай тарафдорликнинг яна бир намунасидир.
Ҳукуматнинг БМТ билан COVID-19 пандемиясига қарши курашда тиббий ва ижтимоий-иқтисодий чораларни кўриш, тикланиш борасидаги қалин ҳамкорлиги янада фаолроқ ва одамлар эҳтиёжини кўзловчи жавоб чораларини кўриш ҳамда барқарор, атроф-муҳитга мос ва ялпи тикланишни таъминлаш борасида ҳамкорлик қилишимиз учун ижобий муҳит яратди.
Орол денгизи минтақасида инсон хавфсизлиги, инновация ва “яшил” технологиялар бўйича шериклигимиз Ўзбекистоннинг БМТ билан комплекс ва уюшган тарзда ҳамкорлик қилишга содиқ экани яна бир исботидир. Биз ҳукумат билан 5 та донор, жумладан, Ўзбекистон ҳукуматидан 15 миллион АҚШ долларини сафарбар қилган Оролбўйи минтақаси учун инсон хавфсизлиги бўйича кўпшериклик Траст фонди бўйича ҳамкорлик қилаётганимиздан фахрланамиз. Ушбу ҳамкорликнинг асосий иштирокчиси бўлган БМТ Тараққиёт дастури минтақада инновация фаолиятини жадаллаштириш ва “яшил” технологияларни жорий қилиш бўйича ҳукуматнинг узоқни кўзловчи режасига кўмак кўрсатмоқда.
Сўнгги уч йил мобайнида БМТ Ўзбекистон ҳукуматига инсон ҳуқуқи устуворликлари, жумладан, гендер тенглигига эришишга қаратилган қонунчилик, имконияти чекланган кишилар ҳуқуқини таъминлаш, асосий меҳнат ҳуқуқини мустаҳкамлаш, болалар ҳуқуқини ҳимоя қилиш сингари бир қанча масалалар бўйича маслаҳатлар берди.
Бизнинг ёшлар иштирокини рағбатлантириш борасидаги ишимиз миллий устувор вазифаларда ўз ифодасини топди, чунки ёшлар ҳуқуқи мамлакат дуч келаётган демографик имкониятлар сабабли ҳукуматнинг диққат-эътиборида турибди.
Албатта, барча зикр этилган соҳаларда жиддий тараққиётга эришилган бўлса-да, ҳали кўп иш қилиниши керак. Барча мажбуриятларни тўлиқ бажариш, миллий БРМни амалга ошириш, инсон ҳуқуқлари борасида олинган мажбуриятларга қатъий амал қилиш учун изчил ва мақсадга йўналтирилган саъй-ҳаракатлар талаб этилади.
Мен шунинг учун Барқарор ривожланиш соҳасидаги ҳамкорлик дастуримиз лойиҳасининг имзоланишини, келишилган устувор вазифалар мустаҳкамлаб қўйилиши ва Ўзбекистоннинг ҳамма жойида одамлар манфаати учун таъсир кўрсатиш борасидаги саъй-ҳаракатларимизни тезлаштиришни сабрсизлик билан кутяпман.
Ҳелена Фрейзер,
БМТнинг Ўзбекистондаги
доимий мувофиқлаштирувчиси