Аёллар – миллат генофонди

Ўзбек тилида жаҳоннинг энг олий минбарида – БМТ Бош Ассамблеясида Президентимиз томонидан янграган нутқда барча муҳим ташаббуслар қатори гендер тенглиги ва хотин-қизларга эътибор масаласи алоҳида кўтарилгани бутун юртимиз аёлларини тўлқинлантириб юборди.

Аёллар фақатгина келажагимиз бунёдкорлари бўлган болаларни дунёга келтирувчилар ва уларнинг оддий тарбиячилари эмас, балки давлат ва жамият бошқарувида ўзларининг бой билим ва малакасини, бор кучини сафарбар этишга қодир улкан салоҳиятга эга генофонд ҳамдир.

Давлатимиз раҳбарининг гендер тенглигини рағбатлантириш борасидаги оқилона сиёсати – биз аёлларни жамиятнинг барча жабҳаларида ижтимоий ва сиёсий фаоллигимизни нафақат жонлантирди, балки ислоҳотлар ва ўзгаришлар жараёнларига бевосита иштирокимизни таъминлаб ва дахлдорлик туйғуларимизни жўш урдирмоқда.

Эътиборлиси, гендер тенглиги сиёсати ва кўрсатилаётган ғамхўрлик фақатгина алоҳида гуруҳ ва ташкилотларга тааллуқли бўлибгина қолмай, балки аҳолимизнинг ярмини ташкил қилувчи барча хотин-қизларни кенг доирада қамраб олмоқда.

Хотин-қизларнинг давлат бошқарувидаги ўрни ва таъсирини ошириш сўнгги тўрт йилда барча давлат дастурларининг устувор йўналишлари сифатида киритиб борилмоқда.

Токи, аёлга бўлган юксак ҳурмат ва эҳтиром – бу аввало оилага, жамият келажагига, Ватан тақдирига бўлган чексиз эътибор ифодасидир. Шу нуқтаи назардан қараганда, Ер юзидаги ҳар қайси жамиятнинг маданий даражаси унинг аёлларга нисбатан муносабати билан белгиланади.

Маърифатпарвар бобомиз Абдурауф Фитрат ўзининг “Оила ёки бошқариш тартиблари” асарида “Ҳар бир миллатнинг саодати ва иззати, албатта, шу халқнинг ички интизоми ва тотувлигига боғлиқ. Тинчлик ва тотувлик эса шу миллат оилаларининг интизомига таянади”, дея ёзиб, аёлларнинг ўрнига алоҳида урғу берган эди.

Қолаверса, гендер тенглиги, аёлларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш масаласи БМТнинг Барқарор тараққиёт мақсадларининг доимо ажралмас ва энг асосий тамойилларидан бўлиб келган. БМТ Бош котиби Антонио Гутерриш ҳам “Қаердаки сиёсий ва ижтимоий ҳаётда хотин-қизлар фаол иштирок этаётган бўлса, ўша жойда иқтисодиёт ўсмоқда, барқарорлик мустаҳкамланмоқда ва фуқароларнинг фаровонлиги юксалмоқда”, дея бежиз таъкидлагани йўқ.

Бош Ассамблеянинг 75-сессиясида Президентимиз бутун дунё ҳамжамиятини пандемия даврида аёлларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, уларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш янада долзарб аҳамият касб этаётганига яна бир бор диққат-эътиборни қаратгани замирида жуда катта донишмандлик салоҳияти мужассамдир.

Янги Парламентимизда аёл депутатлар сони икки баробарга кўпайгани, Олий Мажлис Сенати раиси хотин-қизлар вакиласи эканлиги, ҳатто туманларда аёл ҳокимлар фаолият бошлаётгани нафақат минтақамизда, балки халқаро миқёсда ҳақиқатдан ҳам эътиборга молик фактдир.

Бу борадаги улуғвор мақсад ва режалар, умумбашарий қадрият саналган аёллар ва эркаклар тенглиги ғояси амалий ишларимиз билан бирга, ҳуқуқий жиҳатдан ҳам мустаҳкамланиб бормоқда.

Бир сўз билан айтганда, миллий даражадаги ишларимизнинг халқаро майдонда яққол кўрсатилиши ўзбек аёлининг мақоми ва даражаси нечоғли юқори эканини, унинг имконият ва иқтидори қанчалик юксаклигини, тафаккури эркин, ҳуқуқлари кафолатли ва адолатли ҳимоя қилинганини яна бир бор тасдиқлади.

Шу маънода мана икки кундирки кузатиб бораётганимиздек, Президентимиз илгари сурган барча фикр ва ташаббуслар ўз мазмундорлиги ва кўламдорлиги жиҳатдан жаҳоннинг бошқа давлатлари етакчиларининг анжуман кун тартибига олиб чиққан масалаларнинг салмоқли даражада фарқ қилди, десак ҳеч муболаға бўлмайди.

Гулноза ИСМАИЛОВА,
ЖИДУ проректори,
юридик фанлари доктори

 

ЎзА