Қалбаки маҳсулотга дуч келганда қайси ташкилотга мурожаат қилиш мумкин?

Контрафакт маҳсулотлардан энг биринчи ўринда мамлакат иқтисодиёти ҳамда истеъмолчилар зарар кўради. Контрафакт маҳсулотни харид қилган истеъмолчи нафақат ўз соғлигига, балки оила ва давлат бюджетига ҳам бирдек зарар етказади.

Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлиги ва “Havas food” МЧЖ компанияси ўртасида контрафакт маҳсулотлар савдосининг олдини олиш ва истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Меморандум доирасида жамиятга тегишли савдо дўконларини контрафактсиз ҳудудга айлантириш ва хизматлар кўрсатиш жараёнида ишлаб чиқарувчи тўғрисида истеъмолчиларни чалғитувчи маҳсулотлар реализациясини, асл ишлаб чиқарувчи билан адаштириб юбориш даражасида бир хил ёхуд унга айнан ўхшаш бўлган контрафакт маҳсулотларнинг реклама қилинишини олдини олиш белгиланган.

Маълумотларга кўра, айни пайтда дунё бўйича ЕҲМ учун яратилган дастурлар, интернетдаги ахборот ва маҳсулотлар, жумладан, CD ва DVD дискларнинг 70-80 фоизи, алкогол, кийим-кечак, пойабзалларнинг 30-40 фоизи, чой, кофе, тайёр озиқ-овқат маҳсулотларининг 30 фоизи, енгил саноат товарларининг 25 фоизи, дори-дармонлар ва парфюмерия маҳсулотларининг 10-15 фоизи, тамаки маҳсулотларининг эса 1-2 фоизи қалбакилаштирилмоқда. Шу сабабдан ҳам савдо дўконларини контрафактсиз ҳудудга айлантириш муҳим.

Бу каби ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида Интеллектуал мулк агентлиги томонидан «Сиз энг яхшисига лойиқсиз! Контрафактга кўнманг!» шиори остида ўтказилувчи тарғибот лойиҳаси орқали республикамиз йирик савдо марказларида босқичма-босқич контрафактсиз ҳудуд яратиш ва бунинг натижасида мижозларга кўрсатилаётган савдо ва хизматлар сифатини ошириш кўзлаган.

Меморандум доирасида “Havas food» МЧЖ компанияси савдо дўконларида сотилаётган маҳсулотлар бўйича Агентликка сўров йўллаш орқали маҳсулотларнинг контрафакт ёки контрафакт эмаслиги бўйича мутахассис фикрини олиш ҳуқуқига эга бўладилар. Шу билан бирга, агентлик мутахассисларини жалб қилган ҳолда компанияда хизмат қилаётган ходимларнинг интеллектуал мулк соҳаси бўйича билим ва кўникмаларини оширишга қаратилган давра суҳбатлари, семинар-тренинглар ўтказиб борилади.

Агентликнинг контрафакт маҳсулотлар савдоси олдини олиш йўлида олиб бораётган ташаббусига ўзига ишонган тадбиркорлар ҳамкорликка қўшилиши ва бу борада ўз таклифларини билдириши мумкин. Сабаби, ушбу ташаббус ҳалол тадбиркорлик фаолиятини олиб бораётган тараф манфаатлари учун хизмат қилади.

Республикамиз миқёсидаги супермаркетлар тармоғида контрафактсиз маҳсулот ҳудудида истеъмолчилар контрафакт маҳсулот савдосига дуч келган тақдирда, интеллектуал мулк агентлигига, жумладан, агентликнинг (71) 232-50-50 ишонч телефони ёки @ima_monitoring_bot телеграм боти орқали мурожаат қилиши мумкин.

 

Гулноза БОБОЕВА, ЎзА