Пенсия ҳисоблашда қайси мезонларга асосланади?

Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига фуқаролар пенсия олиш ва ҳисоблашга оид турли саволлар билан мурожаат қилади.
“Отамнинг пенсияси кам. Иш стажи 27 йил. Ҳайдовчи, тракторчи, муроб вазифаларида ишлаган. Ҳозир 350 минг сўм пенсия оляпти. Нега пенсияси кам ҳисобланган?”
Айни шу каби саволларга Пенсия жамғармаси жавоб берди. Пенсия миқдори фуқаронинг иш стажи давомийлиги ва ойлик иш ҳақи миқдорига боғлиқ бўлиб, дастлаб пенсиянинг таянч миқдори аниқланади.
Пенсиянинг таянч миқдори пенсия тайинлаш учун мурожаат қилган шахснинг танлови асосида унинг охирги ўн йиллик меҳнат фаолиятидаги кетма-кет беш йиллик ойлик иш ҳақларидан аниқланади. Агар пенсия тайинлаш учун мурожаат қилган шахснинг охирги ўн йиллик меҳнат фаолиятига оид ойлик иш ҳақи тўғрисидаги маълумотлари йўқ бўлса, бундай ҳолатларда пенсия ҳисоблашда ойлик иш ҳақи йўқ бўлган даврлар учун ўша пайтдаги пенсия ҳисоблашнинг базавий миқдори (энг кам ойлик иш ҳақи) ҳисобланиб, пенсиянинг таянч миқдори аниқланади.
Агар пенсия тайинлаш учун мурожаат қилган шахс талаб қилинганидан ортиқча иш стажига эга бўлса, ушбу шахснинг ҳар бир ортиқча ишлаган йиллари учун пенсиянинг таянч миқдори аниқланган ўртача ойлик иш ҳақининг бир фоизи миқдорида оширилиб борилади ва миқдорлар жамланиб, битта умумий пенсия аниқланади. Агар ўртача ойлик иш ҳақи миқдори паст миқдорларда аниқланган бўлса, пенсия миқдори ҳам ушбу ўртача ойлик иш ҳақи миқдори мутаносиб равишда белгиланади.
Шунингдек, Пенсия жамғармаси бўлими иш стажини тасдиқлаш учун тақдим этилган ҳужжатларнинг мазмунини ва зарур тарзда расмийлаштирилганлигини баҳолайди. Зарур ҳолларда эса меҳнат фаолиятининг айрим даврларини иш стажи ҳисобида инобатга олиш ёки олмаслик тўғрисида тегишли қарор қабул қилиш ваколатига эга.

 

ЎзА