Қозоғистоннинг 5 та минтақасида парранда гриппи авж олди

«Бугунги кунда Қозоғистон Республикасининг бешта вилояти 26 та туманидаги 47 та аҳоли пунктида паррандаларнинг нобуд бўлиши қайд қилинди. Шахсий томорқаларда нобуд бўлган паррандалар сони 12 926 тани ташкил қилади, шунингдек Шимолий Қозоғистон вилоятидаги паррандачилик фабрикаларида 41 мингта парранда нобуд бўлди», – дейилади мамлакат Қишлоқ хўжалик вазирлиги хабарида.
Хабарга кўра, парранда гриппи Шимолий Қозоғистон, Оқмола, Қостанай, Павлодар ва Қарағанда вилоятларида аниқланган.
Расмийлар фермерларга бозор нархида товон тўланишини ва паррандаларнинг катта қисми эмланишига ваъда берди.
Ветеринария назорати фермерлар нобуд бўлган паррандаларнинг гўштини савдога чиқармаслигига кафолат бермоқда.
«Миллий референт маркази касалликка қушларнинг юқори патоген гриппи сабаб бўлганини аниқлади. Қабул қилинган қоидаларга мувофиқ, Қозоғистонда касаллик авж олганлиги ҳақида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти хабардор қилинган», — дейилади вазирлик хабарида.
Минтақага вакциналар келтирилиб, ҳудуд дезинфекция қилиниб, паррандалар жасади йўқ қилинмоқда. 17 сентябрдан бошлаб мамлакатга парранда ва унга яқин маҳсулотларни олиб кирилишига таъқиқ қўйилган.
Мамлакатнинг Россия билан чегарадош ҳудудларда ҳайвонларни эмлаш учун қушларнинг юқори патоген тумовига қарши миллий дори-дармонлар муолажаси амалга оширлмоқда.
Маълумот ўрнида, парранда гриппининг илк белгиси икки ҳафта муқаддам Шимолий Қозоғистон вилоятида аниқланди. Минтақада уй паррандаларининг оммавий тарзда нобуд бўлиши қайд қилинган эди.
21 сентябрь куни Қозоғистон Қишлоқ хўжалик вазирлиги яна учта вилоятда вирус қайд қилингани борасида хабар берди. Расмий маълумотларга кўра, хўжаликлардаги умумий йўқотишлар камида 100 минг паррандани ташкил қилади, аслида бунданда кўп бўлиши мумкин, чунки фақат уй паррандаларигина нобуд бўлмаган. Тадқиқотларга кўра, айни дамда шимолдан жанубга йўл олган ёввойи паррандалар ҳам нобуд бўлган.
Ҳукумат расмийларининг айтишларича, айни дамда ветеринария хизмати барча зарур чораларни амлга оширмоқда. Паррандалар нобуд бўлган вилоятларда карантин эълон қилинди, туманлараро ҳаракатлар тўхтатилган, кириш ва чиқиш жойларига блокпостлар ўрнатилиб ветеринария мутахассислари навбатчилик қилмоқда. Касалланган паррандалар гўштининг дўконлар ва бозорлар пештахталарига чиқарилмаслиги назоратга олинган.

 

Шарофиддин Тўлаганов, ЎзА