Хитойлик олимлар томонидан COVID-19 вирусига қарши янги турдаги вакцинани синовдан ўтказиш масаласи муҳокама этилди. Бу ҳақда Инновацион ривожланиш вазирлиги хабар берди.
Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Хитойнинг Фанлар Академияси, Халқаро фан ташкилотлари Альянси ҳамда “Anhui ZhifeiLongcom Biopharmaceutical” компанияси вакиллари ўртасида видео-конференц алоқаси орқали музокара амалга оширилди. Йиғилишга Ўзбекистон томонидан Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов ва Хитой томонидан Халқаро Фан ташкилотлари Альянси ижрочи директори Чингуа Као (Jinghua Сao) раислик қилдилар.
Музокара давомида Хитой Фанлар Академияси ва “Anhui ZhifeiLongcom Biopharmaceutical” томонидан ишлаб чиқарилаётган COVID-19 вирусига қарши вакцина синовларини амалга оширишда ҳамкорликни олиб бориш масалалари муҳокама этилди.
Клиник синовлардан ўтказиш учун таклиф этилган янги вакцина рекомбинант оқсил технологиясига асосан коронавируснинг рецептор боғловчи оқсили домени бўлагини икки марта такрорлаш (димеризация) натижасида яратилган. Рецептор боғловчи домен барча турдаги коронавирусларда ўхшаш бўлгани учун бу вакцина MERS, SARS ва COVID-19 вируслари учун универсал таъсирга эга. Бу вакцина Хитой Давлат фармакопиясининг талабларига қатъий мувофиқ ҳолда ишлаб чиқилган ва хавфсизликнинг юқори даражаси билан ажралиб туриши маълум қилинди. Янги вакцинани олиш технологияси 2020 йил 6 августда нуфузли “Cell” журналида Хитойлик олимлар гуруҳи томонидан чоп этилди.
Ушбу вакцина клиник тадқиқотлар учун Хитой Миллий тиббиёт маҳсулотлар администрацияси томонидан жорий йил 20 июнида тасдиқланган ва жаҳонда коронавирус инфекциясига қарши учинчи вакцина ҳисобланади.
Инсонлар ўртасида биринчи ва иккинчи фаза синов вакцинацияси муваффақиятли ўтказилган ва иккинчи-фаза синовларининг якунланиши октябрь ойида бўлиши кутилмоқда. Янги вакцина учун клиник синовнинг учинчи фазаси 2020 йилнинг тўртинчи чорагида ўтказилиши режалаштирилмоқда.
Хитой томони клиник синовларнинг учинчи босқичи бир қатор мамлакатларда параллель равишда ўтказилиши режалаштирилганини айтиб, Ўзбекистонда ҳам кўнгиллилар ўртасида ушбу синов жараёнларини амалга ошириш имкониятларини ўрганиш истагида эканликларни билдирди. Шунингдек, вакцина синовларининг 3-босқичини Узоқ Шарқ ва Араб мамлакатлари қаторида Ўзбекистонда ҳам ўтказиш эҳтимоли ҳақида ҳам сўз борди. Агар вакцина синовлардан муваффақиятли ўтса, синов натижалари асосида ушбу вакцинани Ўзбекистон ва бошқа Марказий Осиё мамлакатларида фойдаланиш мумкинлиги қайд этилди.
Шу билан бирга, томонлар ўртасида синов ўтказиш бўйича молиявий харажатлар ва синов жараёнларининг муддатлари муҳокама этилди. Музокаралар натижаларига кўра, Ўзбекистон томонидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Вирусология илмий-тадқиқот институти ва Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илғор технологиялар маркази илмий-тадқиқот марказларида тест синовларини ўтказиш масалалари кўриб чиқилишига келишилди. Хитой томони 3-фаза синовларини ўтказишда ҳам методик ҳам молиявий ёрдам кўрсатишга тайёр эканини билдирди. Учрашув сўнгида Ўзбекистон томонидан хитойлик ҳамкорларнинг таклифлари кўриб чиқилиб, якуний хулоса берилишига келишиб олинди.
ЎзА