Касбий (ижодий) имтиҳонлар бошланди

Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида 2020-2021 ўқув йили учун бакалаврият босқичи бўйича кундузги ва сиртқи бўлимларга касбий (ижодий) имтиҳонлар бошланди.
Бу ҳақда мазкур институт ахборот хизмати ЎзА мухбирига маълум қилди.
Касбий (ижодий) имтиҳонлар 4 та жойда – жисмоний маданият (шу жумладан, хотин-қизлар спорти) бакалавр таълим йўналиши бўйича Нукус шаҳар ХТБга қарашли 9-умумтаълим мактабининг спорт майдончасида, тасвирий санъат ва муҳандислик графикаси бакалавр таълим йўналиши бўйича институтнинг чет тиллари ва жисмоний маданият факультетлари биносининг спорт залида, мусиқий таълим бакалавр таълим йўналиши бўйича институт бош биносининг кичик мажлислар залида, шунингдек, ўқиш қозоқ ва туркман тилларида олиб бориладиган бакалавр таълим йўналишлари бўйича имтиҳонлар институт бош биносидаги катта спорт залида ўтказилмоқда.
Имтиҳонларга кириш жойлари дезинфекцион туннель, тана ҳароратини ўлчаш учун пирометрлар билан жиҳозланган бўлиб, махсус тиббиёт ходимлари ҳар бир абитуриентнинг ҳароратини ўлчаб, уларга тиббий ниқоб ва тиббий қўлқоп бепул тарқатилмоқда. Шунингдек, абитуриентларга қулайлик яратиш мақсадида имтиҳонлар ўтказиш жойларида бепул ручка, қоғоз, қалам, ичимлик суви тарқатиш йўлга қўйилган.
Имтиҳонларнинг шаффоф ва адолатли ўтишини таъминлаш мақсадида Бухоро давлат университетидан малакали профессор-ўқитувчилар жалб этилди. Шунингдек, пандемия шароитида абитуриентларнинг ота-оналари саломатлигини таъминлаш ва ортиқча оворагарчиликнинг олдини олиш мақсадида институт расмий веб-сайтида https://ndpi.uz/qq/online-kamera/ веб-манзили орқали касбий (ижодий) имтиҳонлар онлайн трансляция қилинмоқда.
Касбий (ижодий) имтиҳонлар 14 кун давомида ўтказилиши режалаштирилган.
Маълумот учун: 2020-2021 ўқув йили учун институтнинг бакалавр кундузги таълим йўналишларига жами 2125 ўрин (шундан, 500 давлат гранти, 1625 тўлов-контракт асосида), сиртқи таълим йўналишларига тўлов-контракт асосида 1400 ўрин, шунингдек, янги ўқув йилида кечки таълим йўналишлари учун тўлов-контракт асосида 100 ўрин ажратилган. 20 июндан 20 июлга қадар − бир ой давомида мазкур таълим йўналишларига 31309 нафар абитуриентдан ҳужжат қабул қилинди. Шундан, 26728 нафар абитуриент тест синовларида иштирок этиши режалаштирилган бўлиб, қолган 4581 нафар абитуриент танлаган бакалавр таълим йўналишига мос равишда касбий (ижодий) имтиҳон топширади.
photo_2020-09-03_15-41-46.jpg
photo_2020-09-03_15-41-45.jpg
photo_2020-09-03_15-41-43.jpg

 

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА