АОКАда бўлган брифингда Халқ таълими вазирлиги матбуот котиби Лайло Рустамова мактабларда анъанавий шаклда дарс ташкил қилиш тартиби тўғрисида маълумот берди, дея хабар бермоқда ЎзА мухбири.
Пандемия шаротида мактабларда дарс машғулотлари эрталаб соат 8:00 дан кеч соат 17:30 гача ташкил қилинади.
Болаларнинг бир вақтда тўпланиб қолишини олдини олиш мақсадида, дарсларнинг бошланиши табақалаштирилган ҳолда амалга оширилади. Унга кўра, 1-4 синфлар мактабга соат 08:00 гача, 5-8 синфлар соат 08:30 гача ҳамда 9-11 синфларнинг мактабга келиши соат 09:00 гача алоҳида эшиклардан ижтимоий масофа сақлаб, тана ҳароратини ўлчаган ҳолда амалга оширилади.
Дарслар синф системасида олиб борилади, яъни барча дарслар бир синф учун бир хонада олиб борилади.
Бошланғич синф ўқувчилари синф раҳбарлари томонидан мактабнинг асосий дарвозаси ёнида кутиб олинади ҳамда кузатилади, ота-оналарнинг мактабга кириши тақиқланади.
Дарслар оралиғидаги танаффуслар вақтида қўнғироқлар чалинмайди. Синфхоналар кўчадаги ҳаво ҳароратидан келиб чиққан ҳолда шамоллатиб борилади.