Хусусан, Агентлик ва Россия Федерацияси иш берувчилари ўртасида пандемия даврида Ўзбекистон фуқароларини хорижда иш билан таъминлаш мақсадида олиб борилган музокаралар натижасида Амур вилоятидаги газни қайта ишлаш заводи қурилишида 4 мингдан зиёд бўш иш ўринлари таклиф этилиб, уларга Ўзбекистон фуқароларини ишга жалб қилиш бўйича келишувга эришилган эди.
Айни пайтда ишлаш истагидаги фуқаролар завод қурилиши учун босқичма-босқич жўнатилмоқда. Навбатдаги 287 нафар фуқаро бугун ишлаш учун чартер рейс орқали учиб кетди. Бу ҳақда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ахборот хизмати хабар бермоқда.
Юртдошларимиз 14 кунлик карантиндан сўнг белгиланган эпидемиологик талаблар ва карантин чекловларига риоя қилган ҳолда қурилиш объектларида иш бошлайди.
Уларнинг транспорт, овқатланиш, патент ва яшаш харажатлари, агарда ишчида касаллик аниқланса, унинг даволаниши иш берувчи компаниялар томонидан таъминланиши, шунингдек, ойлик иш ҳақи ўртача 40-60 минг рублни ташкил этиши белгиланган.
Таъкидлаш жоиз, жорий йилнинг 31 июль куни 144 нафар, 12 август куни 84 нафар фуқароларимиз айнан мазкур завод қурилишида ишлаш учун ташкиллаштирилган ҳолда жўнаб кетган эди.