Қорақалпоғистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигида бир гуруҳ нуронийларга “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишонлари топширилди.
Тадбирда таъкидланганидек, Президентимизнинг 2017 йил 14 июлдаги “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишонини таъсис этиш тўғрисида”ги қарорига кўра
турли соҳаларда кўп йиллар давомида ҳалол ва самарали меҳнат қилган нафақа ёшидаги фахрийлар, оилаларни мустаҳкамлаш, ёшларни она Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялашга муносиб ҳисса қўшаётган нуронийлар муносиб тақдирланмоқда.
Давлатимиз мустақиллигининг 29 йиллиги арафасида Қорақалпоғистон Республикасидан 25 нафар нуроний ушбу кўкрак нишони билан тақдирланди. Шундан 7 нафари I даражали, 8 нафари II даражали ва 10 нафари III даражали кўкрак нишони билан тақдирланди.
Тадбирда ушбу кўкрак нишонлари ўз эгаларига тантанали равишда топширилди.
– Бу мукофотни нафақат менга балки, барча элдошларимга, фахрийларга берилган эътибор деб биламан, – дейди III даражали “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони соҳиби, Мўйноқ тумани Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғининг ўринбосари Жанабой Жусипов. – Энг улуғ ва энг азиз байрам арафасида берилган унвон ҳар бир нуронийга бугунги синовли кунларда янада масъулият юклайди.
Тақдирлаш маросимида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси ўринбосари А.Давлетов иштирок этди.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА